Ссылки доступа

Қирғизистон Президенти парламент сайловларининг кузда ўтказилишини эълон қилди


Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда парламент сайловлари кузда бўлиб ўтишини маълум қилди. Бу ҳақда у Қозоғистонга расмий ташрифи бошланишидан бир кун олдин, 1 март куни Казинформ ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Яқинда маҳаллий сайловлар бўлиб ўтади. Референдум (Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида) ҳам режалаштирилган. Парламент сайловлари кузда ўтказилади», — деди Жапаров.

Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари қачон аниқ бўлиб ўтиши маълум эмас. Ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг, мамлакат сиёсий инқирозга юз тутди: овоз бериш натижаларига қарши норозилик ҳукуматни ағдарилишига ва ўша пайтдаги президент Сооронбай Жеэнбековнинг истеъфосига олиб келди.

Президент сифатида чет элга иккинчи сафарини амалга оширадиган Жапаров икки кунлик ташриф билан Қозоғистонга йўл олмоқда.

Жапаров тартибсизликлар пайтида намойишчилар томонидан қамоқдан озод қилинган таниқли сиёсатчилардан бири эди. У 2013 йил октябрь ойида Қирғизистоннинг шимоли-шарқида кон қазиш ишларига қарши намойиш пайтида гаровга олганликда айбланиб 10 йиллик қамоққа ҳукм қилинган эди.

52 ёшли Жапаров 10 январь куни бўлиб ўтган эрта сайловларда ғолиб чиқди. Халқаро кузатувчиларнинг фикрига кўра, сайлов асосий эркинликларга ҳурмат билан ўтказилган, аммо уларни «тўлиқ адолатли» деб ҳисоблаб бўлмайди.

XS
SM
MD
LG