Ссылки доступа

Манбалар: Уч ой ичида Афғонистондан Тожикистон орқали БААга 1200 кг олтин ва 112 миллион доллар ноқонуний олиб кетилган


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Бош прокуратура ва Тожикистон Олий судидаги манбалар 90 килограмм олтин ва 15 миллион доллар контрабанда иши бўйича 9 киши, шу жумладан Афғонистоннинг икки фуқароси ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди. Олдинроқ расмийлар етти нафар гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар беришган.

Дастлабки тергов давомида маълум бўлишича, бу олтин ва валютани ноқонуний олиб ўтиш бўйича биринчи ҳодиса эмас. Маълум қилинишича, ўтган йилнинг 4 сентябридан 14 ноябригача ушланганлар Афғонистондан Тожикистон ҳудуди орқали Бирлашган Араб Амирликларига 1200 кг олтин ва 112 миллион доллар олиб ўтган.

«Жиноий гуруҳ аъзоларини ҳибсга олиш бўйича операция Тожикистон Бош прокуратураси томонидан бошланган. Ҳибсга олинганлар 1200 кг олтин ва 112 миллион АҚШ долларини Тожикистон орқали БААга экспорт қилганликларини тан олишди. Ҳозирда ушбу маълумот текширилмоқда», — деди манбалардан бири.

Тожикистон ҳукумати олтин ва валютани ноқонуний олиб ўтаётган тармоқ раҳбари номини ҳали эълон қилмади. Бош прокуратура фақат олтин ва валюта контрабандаси билан шуғулланган 9 гумонланувчига нисбатан очилган жиноий иш Тожикистон Олий судига юборилганлигини маълум қилди. Уларнинг барчаси ўтган йилнинг ноябрь ойида Душанбе халқаро аэропортида ўтказилган операция давомида ҳибсга олинган.

Тожикистон Олий судидаги манбанинг таъкидлашича, 1 март куни иккита контрабандачи Афғонистон фуқароси бўлиб чиқди, бошқа тожикистонликлар эса мамлакат божхона хизмати, аэропорт ва Ички ишлар вазирлиги ходимларидир. Тожикистон Божхона хизмати 3 нафар ходимининг ҳибсга олинганлигини тасдиқлади.

Айни пайтда, афғон оммавий ахборот воситалари Душанбеда олиб қўйилган 90 кг олтин ва 15 миллион доллар Афғонистон парламентининг қуйи палатаси — Волуси жирғаси спикерининг ўринбосари Муҳаммад Мирзо Катавозай билан боғлиқлигини хабар қилди. 27 февраль куни Афғонистоннинг Биринчи телеканали ўз манбаларига асосланиб, Тожикистонда мусодара қилинган олтин ва миллионлаб долларларнинг Муҳаммад Мирзо Катавозайга алоқадорлиги ҳақида хабар бериб, сиёсатчи ҳозир «воқеа оммавий шов-шувга айланмаслиги учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини» таъкидлади.

Афғонистоннинг Тожикистон пойтахтидаги делегацияси таркибида бўлган Мирзо Катавозайнинг ўзи 28 февраль куни 90 килограмм олтин ва 15 миллион АҚШ долларини Афғонистондан Тожикистонга олиб ўтишда ва уларни учинчи давлатга олиб ўтишга уринишда қатнашмаганлигини айтди. «Бу шунчаки бўлиши мумкин эмас, чунки мен сиёсатчиман, бизнесмен эмасман», деди у мухбирларнинг саволига. «Мен контрабандада айбланаётган мутлақо барча хабарлар ёлғондир», дея қўшимча қилди сиёсатчи.

Бироқ, сиёсатчи нима учун айнан унинг исми олтин ва валютани ноқонуний олиб ўтишда пайдо бўлганлигини тушунтирмади.

XS
SM
MD
LG