Ссылки доступа

Нур-Султонда юздан ортиқ автокран ҳайдовчилари иш ҳақини оширишни талаб қилиб, ишларини тўхтатиб қўйишди (видео)


1 март куни Нур-Султонда қурилиш миноралари ва автокранларнинг юздан ортиқ кран операторлари иш бошлашдан бош тортишди. Уларнинг сўзларига кўра, иш ҳақини ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича илгари қилган талаблар бажарилмай қолмоқда.

Маҳаллий фаол Сауле Сейдахметованинг сўзларига кўра, пойтахтдаги 300 га яқин кранчиларнинг ярмидан кўпи ўз иш жойларида йиғилиб, иш бошлашмаган.

Иш ташлаш иштирокчиси Жанбота Усенованинг айтишича, иш берувчи компания намойишчилар томонидан қўйилган талабларга жавоб бермаган. Унинг сўзларига кўра, битта корхонада ишлайдиган яна беш кран оператори у билан бирга иш ҳақини 500 минг танга (1 200 доллар атрофида) га оширишни талаб қилмоқда. «Ҳозирда бизга соатига 1 250 танга тўланади. Тўлов миқдорини икки мингга етказишларини ва иш шароитларини яхшилашларини талаб қиламиз», дейди у.

27 февраль куни пойтахтда турли қурилиш компанияларида ишлайдиган минора кранлари операторлари Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига иш шароитларини яхшилашни талаб қилиб ариза юборишди.

Аризачилар, хусусан, расмийлардан қуйидагиларни талаб қилишди: иш ҳақини 800 минг тангагача ошириш, шунингдек ортиқча иш ставкасини икки бараварга тўлаш; кранда ишлаш хавфи учун иш ҳақи нисбати; иш берувчи ва ишчи ўртасида меҳнат шартномасини тузиш; иш жойидаги меҳнатни муҳофаза қилиш; кран операторларини ҳимоя воситалари ва комбинезонлар билан таъминлаш; ишнинг давомийлигини кунига саккиз соатдан ва ҳафтасига 40 соатдан кўп бўлмаган вақтни белгилаш; қонунчиликдаги эркаклар 60 ёшда ва аёллар 55 ёшда нафақага чиқишга имкон берадиган ўзгаришлар.

Намойишчилар билан учрашган Қозоғистоннинг бош давлат меҳнат инспектори Толеген Оспанкулов айбловларни текшириш учун улардан 15 кун муҳлат сўради ва барчани тинчланишга чақирди. Ишчилар, агар уларнинг талаблари бажарилмаса, 1 март куни иш ташлашни бошлашлари ҳақида огоҳлантирган.

Пойтахтдаги турли компанияларнинг кран операторлари 12 февралдан бери иш шароитларига норозилик билдиришмоқда. Ижтимоий тармоқларда уларнинг талаблари акс этган видеолар жойлаштирилди. Кейинчалик бир неча киши ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилди.

Сауле Сейдахметова ва Жанбота Усеноваларнинг сўзларига кўра, Нур-Султонда баъзи кран операторлари иш бераётган компаниялар ишчиларнинг талабларини бажаришга розилик берганларидан кейин ишлашни давом эттирган.

Нур-Султон кранчиларининг талабларини илгари Оқтов, Оқтўбе, Чимкент ва Туркистондаги қурилиш компанияларида ишлайдиган ҳамкасблари қўллаб-қувватладилар.

Йил бошидан бери Қозоғистонда иш ҳақини ошириш ва иш шароитларини яхшилашни талаб қилган иш ташлашлар тез-тез бўлиб турди.

XS
SM
MD
LG