Ссылки доступа

“Меҳр-4”: Афғонистондан 24 нафар ўзбекистонлик олиб чиқилди


Сурхондарё вилоятини Афғонистон Ислом Республикаси билан боғлаб турувчи Ҳайратон кўпригида 2 март куни “Меҳр-4” операцияси амалга оширилди.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришича, операция натижасида Афғонистондан 24 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб чиқилган. Улардан 19 нафари балоғатга етмаган бола, жумладан, 4 нафари етим.

Билдирилишича, 2017 йилдан 2020 йилгача Афғонистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда 86 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган. Уларнинг барчаси ноқонуний қуролли гуруҳлар сафларида бўлишган.

“Афғонистондан бугунгача олиб чиқилган фуқароларнинг 23 нафари эркак, 16 нафари аёл, яна 47 нафари болалар бўлган”,-дейилади хабарда.

2020 йилнинг 8 декабрида “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриянинг жанговар ҳаракатлар кечаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола ватанга қайтарилганди.

2019 йилнинг октябрида “Меҳр-2” амалиёти доирасида ота-онасиз қолган 39 ўғил бола ва 25 қиз Суриядан қайтарилганди.

Ўзбекистонлик илк гуруҳ - 156 аёл ва бола "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилнинг 30 майида махсус авиарейс билан Тошкентга олиб келинган.

XS
SM
MD
LG