Ссылки доступа

"Қишлоқда ўртача уй қурса бўлади". Наманган вилояти ҳокимининг контейнер уйи қанчага тушди?


Наманган вилояти ҳокимлиги ҳоким учун махсус қурилган контейнер уйига "давлат ғазнасидан бир сўм пул сарфланмагани"ни билдирди.

Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби Азиз Абдувалиевга кўра, ҳоким Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан унинг учун махсус қурилган мобил – контейнер уйга ҳокимият бюджетидан пул сарфланмаган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларнинг бош мавзуларидан бирига айланган бу уйнинг бозордаги нархи камида 5000 АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби Азиз Абдувалиевга кўра, ҳоким Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан унинг учун махсус қурилган мобил – контейнер уйга ҳокимият бюджетидан пул сарфланмаган.

Ҳокимият вакили тақдим қилган маълумотга кўра, уйни маҳаллий қурувчилар вилоятдаги қурилишларда ишлатилган эски метал контейнер ва қурилишдан ошган бетон қоришмаларини аралаштириб, қуриб беришган.

26 февраль куни ҳокимлик Телеграм каналида ёйинланган 1 дақиқалик видеода вилоят ҳокимлиги котибият мудири Жобирхон Абдуллаев ҳам шуни таъкидлайди:

“Йиғма бетон девор ҳамда енгил конструкцияли контейнердан иборат. Буларни исталган вақтда бошқа ҳудудга кўчириб ўтиш мумкин. Бу уйнинг қурилиши учун давлат бюджетидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Ўзимизда қурилишда фойдаланилган енгил конструкцияли контейнердан фойдаланиб, уйга мослаштирилган, яшаш учун -12 метрли контейнер”.

Бу мулозим ҳам мобил уй учун маблағ қаердан олинганини очиқламаган.

Вилоят ҳокими матбуот котибига кўра, ҳозирча ҳокимликка текинга тушгани даъво қилинган бу мобил уй фақат вилоят ҳокимида бор. Бошқа ҳокимлар ҳам “зарурат туғилса”, шунақа уйлик бўлиши мумкин.

Матбуот котибига кўра, ”Бунёдкор”даги ишларни тугатиш учун 3 ойдан 6 ойгача муддат қўйилган, кейин бу уй бошқа ҳудудга кўчиши мумкин ва ҳоким у ҳудудларда ҳам “ишни жойида ҳал қилиш”да давом этади.

Тошкентлик иккита контейнерчи уста ҳокимга аталган 12 метрлик мобил уй нархини камида 5 ярим-6 минг АҚШ долларига баҳолади. Усталар метал конструкциянинг эскилиги ҳақидаги гапни умуман инобатга олмади.

“Мен Фейсбукда кўрдим, у ҳокимнинг уйини. Худди шунақа 12 метрлиги керак бўлса, худди шунақа конструкция билан, унда 5500 АҚШ долларига мўлжал олинг, камида. Тошкентдаги исталган манзилга олиб бориб, ўрнатиб берамиз. Бир киши бемалол кириб яшайверади. Метал контейнерни эски-янгиси учун алоҳида нарх, йўғ-эй ҳозир, металку бу”, -деди мижоз тариқасида боғланган мухбирга тошкентлик уста.

У метал контейнернинг ўзи Тошкентдаги бир омборхонада сақланаётгани, агар қуруқ темир қутининг ўзи керак бўлса, 1250 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача бўлган нархларга уни ҳам топиб беришни ваъда қилди.

Яна бир манба ҳам ўртача 7-8 минг АҚШ доллари миқдоридаги баҳога тўхталди:

“Эшик-роми Akfa бўлсин, ванна-туалетини тозасидан бўлсин, мебели тузукроқ бўлсин, десангиз, нархи янаям ошиши мумкин. Талабга қараб-да. Ҳоким буваники унақа арзон бўлмаслиги керак, мен кўзим билан кўрмадимку. Лекин тўғрисини айтсам, бу ортиқча харажат. Қашшоқ қишлоқни ўртасига 8 минглик временка уйни қуриб олиб, шу уйдан туриб бошқармасам, қишлоғингиз обод бўлмайди, дейиш – билмасам, энди бу қанақа сохта сиёсат?!”.

Усталарнинг айтишича, кейинги пайтларда контейнерлардан қилинган мобил уй, кичик офис ёки дўконларга эҳтиёж тобора ортмоқда, шу боис бунақа уйчаларнинг нархи ошиб бораётир.

Интернет тармоқларида эса, бу каби мобил уйларнинг бозори жуда чаққонлашганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва дунёда оммалашган OLX онлайн олди-сотди дўконида жисмоний ва юридик шахслар томонидан жойланган ўнлаб эълонлар бор. Метал мобил уйлар нархи 1200 АҚШ долларидан 5 минггача.

XS
SM
MD
LG