Ссылки доступа

Манбалар: Аварияга учраган президент куëви идорасида "суриштирув" бошланди


Отабек Умаров ДХХ формасида - Инстаграм

Ўзбекистон президенти оиласига яқин манбанинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафта Мирзиёевнинг кенжа куёви ишлаган Президент давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ)да "президент кўрсатмасига биноан" ички хизмат текшируви ва суриштирув бошланган.

Ишончли манба президентнинг кенжа куёви иштирокидаги ҳалокатли ЙТҲдан 15 кун ўтиб, Президент хавфсизлик хизмати (ПДХХ) идорасида суриштирув ва хизмат текшируви бошланганини айтди. Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, "ҳозирда президент куëви билан автомобил ва мотоцикл пойгалари ташкил қилган спортчи йигитлар назоратга олинган". Спорт клубларидаги уюшган жиноятчилик бўйича маълумотлар йиғишда иштирок этганлигини айтган республика куч ишлатар идоралари вакилининг сўзларига кўра, "Умаров атрофида юрган бир неча спортчи Жиноят кодексининг 266- моддасида кўзда тутилган жиноятни (Транспорт хавфсизлиги қоидаларини бузиш) содир этишда гумонланмоқда.

Бир-биридан мустақил бу икки манбанинг иддао қилишича, ҳодисадан "ғазабга келган" президент суриштирув олиб бориш ҳақида шахсан топшириқ берган.

Манбалар иддаосига кўра, президент ўз «тансоқчиси ва куëвининг» ҳодисагача бўлган охирги бир ой давомидаги бутун фаолиятига оид батафсил ҳисобот ҳозирлашни буюрган.

Учинчи манба бу ҳисоботни тайëрлашда бевосита қатнашганлигини айтди. Унга кўра, «Умаров ўз машинасининг олди ва орқасига кўзни қамаштирувчи фаралар ўрнатиб, кечқурун катта тезликда ҳаракатланиб, бир ой мобайнида бир неча марта шаҳарда авария ситуацияси» яратган. Унинг сўзларига кўра, "Умаров бошқарган ва пировардида аварияга учраган мотоцикл соатига 180 км тезликда ҳаракатланган. Айни манба Умаров авария пайтида оëқлари билан бирга, бошидан ҳам жароҳат олганини иддао қилди.

Биринчи оилага яқин ва ҳукуматдаги манбалари иддаосига кўра¸ президентнинг рафиқаси Зироат Ҳошимовага қариндош эканлиги айтиладиган «кенжа куëв билан боғлиқ ЙТҲ» ортидан давлат раҳбари ўз қариндошларига «сайлов олдидан тинч юриш ва босиқлик лозимлигини» уқтирган. Манбалардан бири «ЙТҲга оид хабарлар тагига қўйилган изоҳлар тўплами президентга олиб кирилгани»ни ҳам айтди. Изоҳларнинг кўпчилигида куëвнинг аварияга учрагани заҳарханда қилинган.

Озодлик Ўзбекистон президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров жорий йилнинг 13 февраль куни пойтахтнинг Пушкин метроси яқинида йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ва шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистон ҳукумати президент оиласи мансуби ва унинг давлат хавфсизлик хизмати юқори мартабали мулозимининг ЙТҲга учрагани ва ундан кейинги тақдири борасида расмий маълумот бермаяпти.

Ўзбекистондаги нашрлар ҳамда президент куёвининг хайрия ва спорт тадбирларини фаол ёритиб келадиган блогерлар эса, ҳодиса билан боғлиқ хабарлар борасида сукут сақламоқда.

Манбалар воқеа юз берган Тошкент марказидаги кўчаларда ўрнатилган камера ва радар қурилмалари демонтаж қилинганини иддао қилган. Мирзиёевнинг 18 февраль куни Наманган вилоятига қилган сафари чоғида, одатда, эгаллаб турган лавозимига кўра, президентга ҳамроҳлик қиладиган Отабек Умаров кўринмади.

Отабек Умаров ўзининг Инстаграм саҳифасига 13 февралдан буён пост қўймаган:

Бир-биридан мустақил манбаларнинг иддао қилишича, 13 февраль куни пойтахтнинг Пушкин метроси яқинида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ортидан Ўзбекистон президенти давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров икки марта оëғидан амалиëт қилинган. Даволаш учун махсус тиббиëт учоғида 15 февраль куни чет элга олиб кетилгани айтилган Умаровга яқин манбалар унинг келаси 5 кун ичида Ўзбекистонга олиб келинишини айтди.

Яна бир манба Умаровнинг оëққа туриш шанси фақат 20 фоиз экани ва катта эҳтимол билан анча вақт ногиронлик аравачасида қолишини иддао қилди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши ортидан унинг тансоқчисига айланган кенжа куëв Отабек Умаров қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги давлат, айниқса, хавфсизлик мулозимларига хос бўлмаган очиқлиги ва фаоллиги билан эътиборга тушди.

Президентнинг кенжа куёви Инстаграм саҳифасида ўзининг қимматбаҳо машиналар¸ тунги пойга ва дрифтингга ўчлигини намойиш қилган.

XS
SM
MD
LG