Адлия вазирлигининг билдиришича, бу меъёр президент 3 март куни имзолаган“Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилди.
Қарорга асосан нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.
Бундан ташқари, бундан буён нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.
Шунингдек, маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади.
“Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилади”,-дейилади қарорда.