Ссылки доступа

Ҳукумат 2025 йилгача суд биноларини қайтадан қуриш тўғрисида қарор чиқарди


Ўзбекистонда суд бинолари қайтадан қурилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 26 февралида қабул қилинган “2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳокимликларга ҳудудларнинг бош режаси асосида Дастурда янгидан қурилиши белгиланган объектлар учун ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминлаш топширилган.

Қарор билан Ўзбекистон бўйича жами 31 та объектни қуриш ва 107 та объектни реконструкция қилиш режалаштирилган. Қурилиш марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши, янги объектлар қурилишини молиялаштириш эса маҳаллий бюджет маблағларидан амалга оширилиши қайд этилган.

Ҳукумат қарори президентнинг ўтган йил 24 июлидаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилган.

Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва қурилиш вазири Ботир Зокиров зиммасига юкланган.

XS
SM
MD
LG