Ссылки доступа

Президент куëви Отабек Умаров Жанубий Кореядаги шифохонада операция қилинди


Маҳаллий матбуотга сиздирилган сўнгги маълумотлар Отабек Умаров иштирокидаги ЙТҲ ҳақида Озодлик ёритган ҳодиса хронологиясини тасдиқлайди
Маҳаллий матбуотга сиздирилган сўнгги маълумотлар Отабек Умаров иштирокидаги ЙТҲ ҳақида Озодлик ёритган ҳодиса хронологиясини тасдиқлайди

Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров 4 март куни Жанубий Кореядаги шифохонада жаррроҳлик амалиëти қилингани айтилди.

Бунгача у икки ҳафта шифохонада карантинда бўлган. Бу ҳақда Умаровга яқин манба 3 март куни маълум қилган эди. 4 март куни эса Ўзбекистондаги Korrespondent.uz нашри бу хабарни сиздирди. Хабарга авария юз берган 13 февраль куни Умаров бошқарган мотоцикл келиб урилган енгил автомобил сурати ҳам илова қилинган.

Озодлик 15 февраль куни (ПДХХ) раҳбари ўринбосари Отабек Умаров даволаниш учун махсус тиббиëт учоғида Жанубий Кореяга олиб кетилгани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берган эди.

13 февраль оқшомида Тошкентда йўл-транспорт ҳодисасига учраган Отабек Умаров 15 февраль куни махсус учоқда олдин Москвага¸ ундан кейин эса Жанубий Кореяга олиб кетилган.

Сўнгги сиздирилган маълумотлар Озодлик ёзган ҳодиса хронологиясини тасдиқлайди.

13 февраль куни соат 18 лар атрофида Президент Давлат хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров бошқарувидаги мотоцикл Бобур Маматов бошқарган оқ рангли 01 N 121 PA Chevrolet Epika автомобилининг орқа тарафидан келиб, ўнг қисмига урилади. Мотоциклдан йиқилган ҳайдовчи йўлнинг чап томонидаги бетон бордюрга бориб урилади. Тошкентнинг халқ орасида “Президент трассаси” деб аталадиган йўлида, Мустақиллик кўчаси, Пушкин метро станцияси яқинида юз берган ҳодисада Умаровнинг оёғидан жароҳатланган. Ҳодисада қурбон бўлмаган.

Умаров "жиддий жароҳатлангани" ҳақида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарлар ортидан 14 февраль куни Озодлик боғланган Отабек Умаровга яқин манба президент куëви билан “кичик кўнгилсизлик” юз берганини айтганди.

Шундан кейин Умаров халқ орасида "16-горбольница" деб аталадиган Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига олиб келинган. Касалхонага яқин тиббиëт ходимининг Озодликка билдиришича, “оëғидан лат еган пациент 6 соат мобайнида муолажа қилинган”. Биринчи оилага яқин манбанинг сўзларига кўра, Умаровнинг “ўнг оëғи 3 жойидан синган¸ чап оëқ суяклари қаттиқ зарб оқибатида майдаланиб кетган”. У Умаровнинг оëқларига Илизаров аппарати ўрнатилганини айтган эди. Совет жарроҳи Гавриил Илизаров ихтиро қилган бу мослама асосан, оëқлардаги суяклар авария оқибатида синиб, парчаланиб кетган пайтда қўлланилади.

Манбаларнинг барчаси Умаров, Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш республика илмий марказида бир неча соат мобайнида дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг махсус тиббиёт учоғида хорижга олиб кетилганини айтган.

ИИВ ходимлари бу ҳодиса расман қайд қилинмаганини айтишди.

Ўзбекистон президенти маъмурияти¸ Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) ва йўл-транпорт ходисалари тўғрисида ахборот бериб келадиган Ички ишлар вазирлиги Отабек Умаров билан боғлиқ ҳодиса ҳақида сукут сақламоқда.

XS
SM
MD
LG