Ссылки доступа

Самарқандда Туркия бош консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди


Самарқандда Туркия бош консуллиги очилиш маросимидан лавҳа (Самарқанд вилоят ҳокимлиги фотоси)

Самарқанд шаҳрида жорий йил 7 март куни Туркиянинг бош консуллиги очилди.

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон ташқи ишлари вазири Абдулазиз Комилов, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовлар иштирок этишган.

Консулликнинг очилиш маросимида сўзга чиққан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркиянинг Ўзбекистонда ҳам элчихонаси, ҳам бош консуллиги очилгани икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзига хос юқори поғонага чиққанлигидан далолат беришини урғулаган.

Ўзбекистоннинг бош дипломати ўз нутқида Туркиянинг Самарқанддаги Бош консулхонаси маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқалар ривожланишига ижобий туртки беришини билдирган.

Вазир Комилов Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида очилаётган ширкатлар сони тобора ошиб бораётгани, биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ҳозирги кунда юздан зиёд қўшма корхоналар рўйхатдан ўтганини қайд этган.

Маросимда сўзлаган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Самарқандда ташкил этилган бош консулхона хорижий давлатлар ичида дастлабкилардан бири эканини айтиб, унинг нафақат туркияликларга, балки ўзбекистонликларга ҳам хизмат кўрсатишини таъкидлаган. Туркия бош дипломати Тошкентда ўтадиган учрашувларда ўзбек расмийлари билан қатор стратегик келишувлар бўйича фикрлашилишини билдирган.

Туркия делегациянинг Ўзбекистонга сафари 9 мартгача давом этиши кутилмоқда. Самарқанд сафари олдидан делегация вакиллари Хоразм ва Бухоро вилоятларида бўлишган.

XS
SM
MD
LG