Ссылки доступа

Мирзиёев ташаббуси. Ҳокимлардан кейин Бухорода муҳтож оилаларга бизнес учун контейнер ясаб берилади


Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ва туман ҳокимларига кўчмас мулк нархининг ҳар бир квадрат метри учун нархни 4 миллион сўмдан оширмаслик ҳақида топшириқ берди.

3 март кунги селектор йиғилишида президент аҳолининг турар-жой ва кўчмас мулк нархларининг қимматлигидан норозилигини таъкидлади.

Ўша куниёқ Бухоро вилояти ҳокимлиги, “Темир дафтар”га киритилган ночор оилалар учун 1000 дона бизнес учун контейнерлар ясаб, имтиёзли кредит асосида тарқатилишини маълум қилди. Расмий хабарга кўра, бу таклиф Бухоро сафари пайтида президентнинг ўзидан чиққан.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, камбағал аҳолига бизнес учун контейнер қурилмалар ясаб бериш таклифи президент Шавкат Мирзиёевга оид.

“Президентимиз вилоятга келганларида, шунақа таклиф билан чиқдилар, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга шунақа арзон, мобил қурилмалар ясаш таклифи. “Ремонт механика заводи” бор бизда, биласиз, шу завод обшивка қилиб, эшик-ром ўрнатиб, тайёр қилиб беряпти. Ҳокимият “Темир дафтар” бўйича тарқатади, ҳали тарқатиш бошлангани йўқ. Тезда бошланади”, - деди ҳокимият вакили.

Бухоро вилоятининг “Бухоро таъмирлаш мехнаника” заводи маркетинг бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳокимият буюртмаси асосидаги шартнома шу йилнинг 1 март куни имзоланган ва 1000 дона мобил қурилмани етказиб беришга келишилган.

Механика заводи расмийсидан олинган маълумотга кўра, булар Ўзбекистонга Хитойдан келтирилаётган контейнерлардир.

Худди шунақа контейнерлардан мобил уй тайёрлаб, бозорга чиқараётган хусусий ширкатлардан биридан олинган маълумотга кўра, механика заводи ҳозирлаб бераётган ҳажмдаги - сантехника ва ошхона билан жиҳозланмаган металл уй ва офислар нархи тақрибан 3 минг АҚШ доллари атрофида.

тошкентлик контейнерчи усталарнинг айтишича, кейинги пайтларда контейнерлардан қилинган мобил уй, кичик офис ёки дўконларга эҳтиёж тобора ортмоқда, шу боис бунақа уйчаларнинг нархи ошиб бораётир.

Интернет тармоқларида эса, бу каби мобил уйларнинг бозори чаққонлашганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва дунёда оммалашган OLX онлайн олди-сотди дўконида жисмоний ва юридик шахслар томонидан жойланган ўнлаб эълонлар бор. Металл мобил уйлар нархи 1200 АҚШ долларидан 5 минггача.

Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоқларида эса, контейнер уй ва кичик ўлчамдаги мобил офисларни сотаётган MobileHomeUz саҳифаси кўзга ташланади.

Хусусан, Фейсбук тармоғидаги эълонда, бу саҳифанинг LDM Service ширкатига тегишли экани ва жумладан, ширкат ишлаган металл офис Олмалиқ кон-металлургия комбинатига, кичиккина қаҳвахона эса, Тошкент кўчаларидан бирига ўрнатилгани тилга олинган.

1 март куни Олот туманига борган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов “Давлатбой” маҳалласидаги вагонга жойлашгани, Наманганнинг “Бунёдкор” маҳалласида эса, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб контейнер уй қурилгани ҳақида хабар қилган эди.

Бу уйлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона ва Наманган вилоятларига ўтган 2 ой ичида қилган сафарлари пайтида, кутилмаганда ночор маҳаллаларни оралай бошлагани ортидан пайдо бўлди.

Наманган вилоятининг "Бунёдкор" маҳалласида бўлган президент йиллар давомида электр, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаган қишлоқдаги аҳвол учун вилоят расмийларига танбеҳ берди.

Шундан сўнг Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб ночор маҳалла марказида контейнер уй қурилди. Ўша кезда бу вилоят ҳокимининг ташаббуси сифатида тақдим қилинганди.

XS
SM
MD
LG