Ссылки доступа

Мирзиёевнинг “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси фермерлар норозилигига учради


Ўзбекистонда экин ерларининг 10 фоизини ишсиз ёшларга ажратиб бериш ҳақидаги президент қарори фермерлар норозилигига учрамоқда.

Айрим фермерлар ишсизларга ўз ҳисобидан ер бериш зарарига бўлаётганини айтишади.

“Ер солиғи бизни бўйнимизда қоляпти. Ерни ҳар бир қаричини ҳисоблаб иш қиламиз. Ҳозир ҳокимиятдан келиб ҳар ўн гектар ерни бир гектарини ёшларга берасан, деяпти. Фойдаси уники, бир тийин тўламайди, ҳаражати бизни ҳисобдан. Кимга ёқади бу”, - дейди Самарқанднинг Қўшработ туманидан бўлган фермер.

Исми очиқланишини истамаган Наманганнинг Уйчи туманидан бўлган фермер эса кучишлатар тизимлари босими остида ишсиз ёшларга ер ажратишга мажбурланганини айтади.

“Ҳокимликдан, прокуратурасидан келиб мажлис ўтказишди. Туманда уч юздан зиёд ишсиз бор, шуларга бир гектардан ер бериш керак дейишди. Мажбур бўлдик, давлатни топшириғи, кўнмасак умуман еримизни олиб қўйиши мумкин ”, - дейди фермер.

Аммо ҳокимлик расмийлари ишсиз ёшларга ер ажратиш фермерларни мажбурлаш эвазига бўлаётганини рад этди.

Наманган вилояти ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги масалаларига масъул расмийси ёшларга ерлар ҳудудлар имкониятидан келиб чиқиб ажратилаётганини айтди.

“Ҳеч қанақа мажбурлаш бўлаётгани йўқ. Ҳар бир хўжаликни, ҳудудни имкониятидан келиб чиқиб ажратиляпти. Шу ишсиз ёшлар келиб ерда ишласа уларга ҳам фойда, қайтанга раҳмат айтишяпти”, - деди исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Самарқанднинг Қўшработ туманида эса ишсиз ёшларга ажратилган ерларнинг қайтариб олингани норозиликка сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, туманнинг Қийим маҳалласида 24 февраль куни туман ҳокимлиги заҳирасидаги 22 гектар ер ишсиз ёшларга ажратилган эди.

“Ҳали иш бошланмай туриб, ерни қайтариб олишди. Булар об-ҳаво ёмон бўлишига қарамай, ишсизларга ер ажратганди 40 сотихдан. Газеталарга чиқаришди, шунча ер бердик, деб. Бир ҳафта ўтиб қайтариб олишди. Ахир, бу президентимиз сиёсатига қаршику”, - дейди исми очиқланмаслигини истаган самарқандлик йигит.

Ҳукуматнинг жорий йил январида ўтган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги учун ер ажратиш орқали ёшлар орасидаги ишсизлик муаммосини ечишни таклиф қилган эди.

Президент Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш, ҳар 10 гектар экиладиган ернинг 1 гектарини ёшларга ажратиш ҳақида топшириқ берди.

“Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди”, — деган эди президент.

Мирзиёев ўз чиқишида ўтган йили фермерлик учун ер олиш бўйича мурожаат қилган 14 минг ёшдан атиги 3000 нафарига ер участкаси берилганини ҳам айтиб ўтганди.

Ўзбекистоннинг 35 миллионли аҳолисидан 20 миллион киши меҳнатга лаёқатли ёшда. Турли ҳисоб-китобларга кўра, ишга лаёқатли ўзбекистонликларнинг 5-6 миллиони хорижий давлатларда доимий ёки мавсумий меҳнат билан банд. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг ўтган йил октябрь ойида эълон қилган сўнгги ҳисоботида эса мамлакатда ишсизлик даражаси 13 фоизни ташкил этгани айтилади.

XS
SM
MD
LG