Ссылки доступа

Туркияда Россия элчиси ўлимида айбланганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди


Туркия суди Россия элчиси Андрей Карлов ўлимида айбланган беш киши устидан ҳукм ўқиди – улардан уч нафари икки мартадан умрбод қамоқ жазоси, яна икки нафари бир марта умрбод қамоқ жазоси олишди. Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар қилди.

Россиялик дипломат 2016 йилнинг декабрь ойида Анқарадаги Замонавий санъат марказида фотокўргазма очилиши чоғида отиб кетилган.

ВВС хабарига кўра, мазкур иш юзасидан 28 киши маҳкамага тортилган. Олти киши 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум этилган, яна олти киши оқланган, хорижда юрган бир неча киши эса сиртдан судланган.

РИА Новости агентлигининг ёзишича, тўққиз киши 5 йилдан 15 йилгача қамалган, яна беш киши оқланган. Айбланувчиларнинг тўққиз нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган.

Мазкур нохуш ҳодиса 2016 йил 19 декабрида содир бўлган. Россиялик дипломатга Мевлут Мерт Алтинташ исмли 22 яшар полициячи ўқ узган. Даставвал Карлов Россиянинг Суриядаги сиёсатидан норозилик ўлароқ изоҳланган: қотил элчининг елкасига “Оллоҳу Акбар” ва “Ҳалабни унутманг” ҳайқириқлари остида ўқ узган. Алтинташ ҳужумдан сўнг Туркия полицияси махсус бўлинмаси ходимлари томонидан отиб ўлдирилган.

Мазкур иш бўйича суд 2019 йил январида бошланган. Айбланувчиларнинг АҚШда яшайдиган диний арбоб Фатҳуллоҳ Гуланга алоқадорлиги айтилган. Гулан жамоати Туркияда террор ташкилоти ўлароқ эълон қилинган. Иддаоларга кўра, Алтинташга Карловни ўлдиришни айнан Россия билан Туркия алоқаларини мураккаблаштиришни истаган Гулан ташкилоти амр этган. Фатҳуллоҳ Гуланнинг ўзи бу айбловларнинг барчасини рад этган.

XS
SM
MD
LG