Ссылки доступа

Онкология марказида беморлар нур бериш ускунасининг тузатилишига кўз тикмоқда


Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси сўнгги олти ой ичида учинчи марта ишдан чиққан.

Бу ҳақда хабар йўллаган беморларга кўра¸ ускунанинг бот-бот ишдан чиқиши сабаб муолажалар кечикмоқда.

Нур воситасида даволанаётган айрим саратон беморлари орасида аҳволи оғирлашганлари ҳам борлиги айтилади.

Баҳоси қарийб 3 миллион АҚШ долларига тенг Elekta Infinity чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси Тошкентдаги марказга 2018 йилда Британиядан олиб келиб ўрнатилганди.

Марказ бош шифокори Одилжон Аҳмедов 9 март куни Озодлик билан суҳбатда ускунанинг муҳим детали ишдан чиққани, уни четдан олдириб келиш чўзилаётганини айтди.

"Линейний ускоритель, жуда қиммат ва жуда мураккаб аппарат, 2 миллион 800минг туради. Муаммо шуки, бизда буни сервирс маркази йўқ. Бузилса эҳтиёт қисмларини четдан олдиришга тўғри келади. Шунга кутяпмиз. Худо хоҳласа, янаги ҳафтага тузатилади”, - деди Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Одилжон Аҳмедов.

Elekta Infinity чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси Тошкентдаги марказга 2018 йилда Британиядан олиб келиб ўрнатилганди.

Тошкентлик Регина Нигматулина бош мия саратонига чалинган турмуш ўртоғи Марат Нигматулин нур бериш ускунаси бузилиб қолгани сабаб бир ойдан бери зарур муолажани ололмаётганини айтади.

Нигматулинага кўра, муаммо фақат радиотерапия ускунасининг бузилганида эмас.

“Сентябрь ойида эримнинг бошида ўсимта борлиги аниқланди. Радиотерапия қилишлари керак эди. Икки ой кутдик. Сабаби бош мия МРТсини қилиш учун “Магнилек” препарати лозим эди. Уни Беларусдан келишини кутдик. Ўзбекистонда бу препарат йўқ. Препарат ҳал бўлди, энди терапияни бошлаймиз, деб турганимизда аппарат бузилиб қолди. Бу аппарат билан муолажа ёрдамида ўсимтанинг ўсишини секинлаштириш ёки тўхтатиш мумкин. Ҳозир шу ускунанинг тузатилиши биз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлиб турибди”, - дейди Нигматулина.

Тошкентдаги Онкология марказида Марат Нигматулин қатори ўнлаб бемор нурланиш аппаратининг тузалишига кўз тиккан.

Мутахассисларга кўра, беморлардан кўпчилигининг онкологик касалликдан тузалиш-тузалмаслиги айнан ўз вақтида қилинадиган радиотерапия муолажасига боғлиқ.

Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология маркази Марказий Осиёдаги саратонга қарши етакчи марказлардан саналади.

Ўзбекистоннинг чекка вилоятлари ва қўшни давлатлардан беморлар радиотерапия билан даволаниш илинжида шу ерга келишади.

Радиотерапия муолажаси давомида тананинг маълум бир қисмидаги саратон ҳужайраларига махсус нур юборилади.

У саратоннинг кўплаб турларида қўлланилади. Соғлом ҳужайралар зарардан сўнг тикланиши мумкин, аммо саратон ҳужайраси ўлади. Ўзбекистоннинг айрим шифохоналарида тиббий ускуналарнинг ишдан чиқиши фожиали якун топган.

XS
SM
MD
LG