Ссылки доступа

Расман: Ҳажга муайян шарт асосида рухсат берилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз


Ижтимоий тармоқларда “Муқаддас Хаж Сафарига расман рухсат берилди. Фақатгина хаж сафарига бормоқчи бўлганлар коронавирусга вакцина қабул қилган бўлишлари шарт” ва бошқа шу каби сарлавҳалар остида тарқатилаётган хабарлар ҳеч қандай расмий асосга эга эмас.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 10 март куни билдиришича, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган.

Коронавирусга қарши эмланганлар Ҳажга бориши мумкин қабилидаги хабарлар эса Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ҳаж мавсуми зиёратчиларини қабул қилишнинг асосий шарти – “COVID-19” га қарши эмлангани бўлади”, мазмунидаги интервьюсига асосланган.

Расмий билдирувда таъкидланишича, Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича Атташе билан мазкур масалада мунтазам алоқа ўрнатган. Айни пайтда Саудия Арабистони Ҳаж зиёратига муайян шартлар асосида рухсат берилиши тўғрисида расман эълон қилмаган.

“Ҳаж ва умра зиёратлари билан боғлиқ асосли маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади”,-дейилади билдирувда.

XS
SM
MD
LG