Ссылки доступа

Андижонда Мирзиёевнинг кутилган ва кутилмаган ташрифига ҳозирлик: Ўқитувчилар девор оқламоқда


Президент Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллаларга кутилмаган ташрифлари ортидан бутун мамлакат бўйлаб қолоқ маҳаллаларни ободонлаштиришга киришилди.

Президент ташрифи кутилаётган Андижон вилоятида давлат раҳбари бориши мумкин бўлган шаҳар ва қишлоқларда йўлларга асфальт босилиб, деворлар оқланмоқда.

Маҳалла фаолларининг айтишича, бу ишлар вилоят ҳокимининг топшириғи билан “ҳомийлар” деб аталувчи давлат муассасалари, банклар, тадбиркорлар зиммасига юкланган.

Баъзи туманларда деворларни оқлашга давлат идоралари ходимлари ҳам сафарбар этилгани айтилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга сафари аниқ санаси расман эълон қилинмаган.

Айрим хабарларга кўра, Мирзиёевнинг Андижонга ҳозирча санаси эълон қилинмаган ташрифи чоғида чегара вилоятида Қирғизистон ҳукумат ҳайъати билан музокаралар ҳам режаланган.

11-12 март кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши маълум, аммо Андижонда ўтадиган музокаралар борасида ҳозирча расмий хабар йўқ.

Озодлик билан суҳбатда таълим соҳаси ходимлари ўз ишлари қолиб¸ одамларнинг уйлари деворларини оқлашга мажбурланаётганликларини айтишди. Йўлланган суратларда кўчаларни тозалаб-супураётган, уйларнинг дарвоза-эшикларини бўяётган одамлар акс этган.

“Пахтаобод тумани Маданият қишлоғида мактаблар деворлари ҳам оқланяпти. мактаб ходимларини олиб чиқиб иш қилдиряпти. 11, 45- мактаmбда ҳам таълим соҳаси ходимларини ҳам ҳашар қилидиряпти. Президент қўшни Қирғизистондан келадиган делегация билан бизнинг қишлоқда учрашар экан. Шунга туман ҳокими ҳаммани оёққа турғизган, лекин ишларнинг ҳаммаси номига бўляпти. Сувоқ йўқ. Усти оқланяпти, холос. Шармандалик. Ҳозир мана ёмғир ёғяпти, эртага расво бўлади”, - дейди Андижоннинг Пахтаобод тумани халқ таълими соҳаси ходимларидан бири.

Андижон шаҳрида ҳам уйларни оқлаш “ҳокмий”лар зиммасига юклангани айтилмоқда.

Исми сир қолишини истаган маҳалла фаолининг айтишича, ҳомийлар орасида банк бўлимлари ва давлат муассасалари ҳам бор.

“Навоий боғини орқасидаги маҳаллалар банкларга бўлиб берилди. Ипотека банк олтита уйни ҳомийликка олди. Ҳар битта уйга банк 3 миллион сўмдан ажратган. У пулга ташқаридан оҳаклаб беряпти, холос.. Фақат ташқарисини. Сал нарироқда “тожик маҳалла” бор. Хароба жой. У ердаги уйларни оқлаш Эски шаҳар деҳқон бозори маъмурияти зиммасига юклатилди. Президент хоҳлаган кўчага кириб келиши мумкин экан-да. Келишидан олдин одамларини юбориб хароба жойларни топдириб, ўша ерга кириб борар экан. Шунга қаерда оқланмаган девор бўлса оқланяпти”, - дейди маҳалла фаоли.

Президентининг вилоятларга сафари чоғида маҳаллаларга кутилмаган ташрифлари охирги пайтларда анъана тусини олмоқда.

«Могли бы стену покрасить»: «неожиданные» визиты Мирзияева не такие уж и неожиданные
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:03:32 0:00

Фарғона вилояти ҳокимининг собиқ матбуот котиби, "Фарғона ҳақиқати" ва "Ферганская правда" газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов президент келишига хўжакўрсин тадбирлар анъанага айланмаслиги керак, деган фикрда.

"Президентнинг "Шодиёна" маҳалласига бориши мутлақо тўғри иш бўлди. Лекин ҳокимлар фақат президент борадиган жойларга эмас, бошқа жойларга ҳам эътибор қаратиши керак. Президентнинг деворни оқлаб қўйсанг бўладику, деган рамзий маънода айтган гапини тўғри қабул қилиб, ҳамма жойни сувоқсиз оқлашга киришиб кетиш нотўғри, - дейди Муҳаммаджон Обидов.

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида қилган чиқишида, ўз ташрифи учун олдиндан тайёрланган кўзбўямачилик ишларини танқид қилган эди:

“Мен деворнинг орқасида нима борлигини, қайси кўча супирилганини, қайси дарахт йиқилиб ётганини жуда яхши биламан. Мен юрадиган йўлдаги нарсаларни бўяб қўйганларинг билан одамлар раҳмат демайди. Барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантирмоқчиман. Агар бундан буён ташриф олдидан бирорта ҳудудда врач, ўқитувчи, талабани ободонлаштиришга жалб қилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Қонун олдида мен сизларни ҳаммаларингни жазолайман”, - деб айтган эди президент Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG