Ссылки доступа

Фуқаролик масалаларини кўриб чиқиш тартибига оид низом тасдиқланди


Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев жорий йил 10 мартидаги фармони билан “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаган.

Низомга мувофиқ, фуқаролик масалалари юзасидан илтимоснома ва аризалар Ўзбекистон ҳудудида яшаб турган шахс томонидан – доимий яшаш жойидаги ички ишлар органига ҳамда Ўзбекистондан ташқарида яшовчи шахс томонидан – Ўзбекистоннинг консуллик муассасаси, шунингдек Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлимига топширилади.

Қайд этилишича, 18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш бўйича илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин ва низомга кўра, бу илтимоснома 3 иш куни ичида ўрганиб чиқилади.

Бу вақт мобайнида маълумотлар “E-Fuqaro” идоралараро маълумотлар базасига киритилиб, материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоят ички ишлар бошқармаларига юборилади.

“E-Fuqaro” ИМБда текширувдан ўтиб, якунланган талабномага мувофиқ текширув варақаси чоп этилади.

Шундан сўнг материаллар ва текширув варақаси асосида 1 ойлик муддатда хулоса тайёрланиб, ички ишлар вазири ёки унинг ўринбосарларидан бири томонидан тасдиқланади ҳамда умумлаштирилган ахборот-маълумотнома билан бирга кўриб чиқиш учун Президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссияга юборилади.

Низом билан Ўзбекистон фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш тартиблари ҳам белгиланган.

XS
SM
MD
LG