Ссылки доступа

Самарқандда ишсиз ёшларга берилган ер қайтариб олинди


Қўшработ тумани ҳокимлиги ёшларга деҳқончилик учун ажратилган ерни қайтариб олди

Самарқанд вилоят, Қўшработ туман, Қийқим маҳалласида яшайдиган 14 нафар ёшга деҳқончилик қилиш учун 40 сотихдан берилган ер яна қайтариб олинди.

Қўшработ тумани ҳокимининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Холбек Кубаев бошчилигидаги мулозимлар 24 февраль куни Қийқим маҳалласидаги 14 нафар ишсиз ёшга даланинг ўзида 40 сотихдан ер ўлчаб берган эди.

Туман ҳокимлигининг Телеграм каналида тарқатилган видеода Холбек Кубаев ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида уларга ер берилаётгани ҳақида шундай деган:

“Ишсиз ёшларимизга ер бўлиб бериш жараёни бошланди. Тумандаги фермер хўжаликлари еридан шакллантирилган рўйхат асосида ишсиз ёшларимизга ер бўлиб беряпмиз. Бу жараён давом этади. Бугун Қийқимда бўлса, навбат билан бошқа маҳаллаларда ҳам ўтказамиз”.

Видеодаги мулозим ер олган ёшларни табриклаб, қўлларини сиқади, нима экишини ҳам сўрайди.

Ёшларнинг айтишларича, ҳокимлик мулозими бу ерга сув чиқаришга артезиан қудуқ қазиш учун имтиёзли кредит олиб беришни ҳам ваъда қилган.

Қийқимлик ёшлар келажакдаги деҳқончилигини кўз олдига келтириб, режаларни тузиб хурсанд бўлганидан кўп ўтмай, уларга бу ер берилмаслиги эълон қилинди.

Исми сир қолишини сўраган ишсиз ёшлардан бирининг айтишича, уларнинг барча орзулари барбод бўлган:

“Ваҳима билан келишиб, рўйхатдаги ёшларга ер ўлчаб бериб, табриклаб, қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишган экан. Аслида, бу ўзларини реклама қилиб, ана ёшларни иш билан таъминлаяпмиз деган ҳисобот учун бўлса керак. Энди эса, ер адашиб берилган экан, бу ерни бериш мумкин эмас экан, сизларга бошқа жойдан 25 сотихдан берамиз, деб яна алдашяпти. Ахир, қўлларингдан келмас экан, нима қилардиларинг одамни умидвор қилиб, шунча сарсон қилиб!”

Бу йигитнинг айтишича, барча ёшлар паспортининг нусхаси ерни расмийлаштириб бериш учун олиб кетилган.

Қийқим МФЙнинг Шерзод исмли раиси ҳам аниқ нима сабабдан ёшларга берилган ер қайтариб олинганини билмаслигини айтади:

“Захирадаги ер деб айтишган эдию, лекин англашилмовчилик бўлганми, биз ҳам ҳали тўла охирига етмадик. Илҳом ака деган Иштихондан келган бир фермер хўжаликнинг еридан 19 кишига 25 сўтихдан ер ажратилди. Шу 14 кишига ўша ердан берамиз дейишяпти, лекин аниқ билмадим”.

Аммо қийқимлик ёшларнинг иддао қилишича, ўша 25 сотихдан ажратилган ер бошқаларга берилган ва улар бу рўйхатга киритилмаган.

Туман ҳокимининг қишлоқ ишлари бўйича ўринбосари Мухтор Қувондиқов ёшларга берилган ер қайтариб олинганини инкор қилди:

“Йўқ, ҳали бировга бериб, бировдан қайтариб олган жойи бўлмаган. Ўша ердан ёшларга берамиз деб ҳужжатлар қилинган”.

Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир ёшга бир гектар” дастури асосида жойларда ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб берилмоқда.

Лекин келаётган хабарларга кўра, жойларда кучишлатар тизимлар босимларини қўллаб, фермерлар ишсиз ёшларга бир гектардан ер ажратишга мажбурланаётган ҳолатлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG