Ссылки доступа

МБ мулозими: 1000 сўмлик купюралар ҳали муомаладан чиқарилмайди


Ўзбекистонда яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган. Бу ҳақда Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров маълум қилган.

Мулозим бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётгани ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётгани ростлигини эътироф этган. Бозоровга кўра, бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.

“Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?” деган савол туғилиши табиий. Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чекланганлиги сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади. Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ”, деган МБ мулозими.

Бозоров 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилгани ва уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлгани сабабли ҳақиқатда уриниб қолганини кузатиш мумкинлигини қайд этган.

Унинг айтишича, Марказий банк доимий тарзда муомаладаги нақд пулларнинг қаторини оптималлаштириш, эскирганларини муомаладан қайтариб олиш ва уларнинг ўрнига янги банкнот ва тангаларни муомалага киритиб бориш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда ҳамда яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотлар ва тангалар муомаладан чиқарилган, бу банкнотларни амалдаги пул белгиларига алмаштириб беришнинг охирги муддати 2022 йил 1 январь этиб белгилангани ҳақида Озодлик шу йил январь ойида хабар қилган.

XS
SM
MD
LG