Ссылки доступа

IKEA ўзининг Тошкентда фабрика очаëтгани ҳақидаги расмий хабардан бехабар


Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов 8 февраль куни Шавкат Мирзиëевга Чирчиқда IKEA мебель фабрикаси очилиши ҳақида ҳисобот берди.
Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов 8 февраль куни Шавкат Мирзиëевга Чирчиқда IKEA мебель фабрикаси очилиши ҳақида ҳисобот берди.

Тошкент вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов 8 февраль куни Шавкат Мирзиëевга вилоятдаги инвестицион лойиҳалар ҳақида берган ҳисоботида IKEA компаниясининг Чирчиқда мебель фабрикаси қуришини маълум қилди.

Президент олдидаги тақдимотида ҳоким¸ маҳаллий матбуотнинг ëзишича¸ Швеция компанияси 52 миллион долларлик инновацион мебель ишлаб чиқариш фабрикаси қуриши ва бунинг учун 5,5 гектар ер ажратилишини таъкидлаган.

Айни пайтда¸ дунëдаги энг йирик мебель ишлаб чиқарувчилардан бири саналган IKEA компанияси Озодликка бундай лойиҳадан хабари йўқлиги¸ компаниянинг 2025 йилгача белгиланган режасида Ўзбекистонда бирор бизнес қилиш йўқлигини маълум қилди.

Ўтган ой маҳаллий матбуотда бош хабарга айланган янгиликлардан бири – Швециянинг IKEA компанияси келаси 22 ой ичида Тошкент вилоятида “инновацион мебель фабрикаси” қуришни режалаëтгани IKEA томонидан рад этилди.

Дунëнинг 45 дан ошиқ давлатида бизнес юритаëтган IKEA компанияси матбуот хизмати юборган баëнотга кўра¸ ширкатнинг Ўзбекистонга инвестиция ëтқизиш ва бу мамлакатда бизнес қилиш режаси йўқ.

Дунë бўйлаб IKEA франчайзинги учун масъул бўлган Inter IKEA Systems B.V, сифатли ва ҳамëнбоп жиҳозлардан иборат IKEA концепциясига тобора кўпроқ одамни жалб қилиш¸ уларнинг рағбат ва экспертизасини қозониш имкониятларини муттасил равишда қидириб келмоқда.

Янги бозор очишга келсак¸ 2025 йилга қадар IKEA дунë миқëсида ўз мижозларини кўпайтириш мақсадида 12 янги бозорга киришни режаламоқда. Бозорни кенгайтиришга қаратилган бу режада Ўзбекистон йўқ. На IKEA Industry¸ на-да IKEA таъминот бўлимлари бу мамлакатда бирор бизнес қилиш режасида эмас”¸ дейилади IKEA матбуот хизмати Озодликка юборган расмий баëнотда.

Президент матбуот хизмати берган расмий маълумотга кўра¸ 2021 йилнинг 8 февраль куни Шавкат Мирзиëев Андижон ва Тошкент вилоятидаги инвестицион лойиҳалар билан танишган. Андижон ва Тошкент вилояти ҳокимлари мамлакат президентига ўз ҳудудига киритилган ва киритилаëтган инвестицияларни тақдим қилган.

Хусусан¸ Тошкент вилоятининг 30 январь куни (тақдимотдан бир ҳафта олдин) тайинланган янги ҳокими Даврон Ҳидоятов вилоят ҳудудида 1 миллиард 624 миллион долларлик иневстицион лойиҳалар амалга оширилаëтгани ҳақида гапирган.

Вилоятда 187 та янги инвестиция лойиҳаси режалаштирилмоқда. Тақдимотда уларнинг энг йириклари тўғрисида тўхталиб ўтилди”¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент сайтида айнан қандай “йирик”лойиҳалар тилга олингани айтилмаган бўлса¸ маҳаллий матбуот тақдимотда Швециянинг дунëга машҳур IKEA компаниясининг Тошкент вилоятида мебель фабрикаси қуриши айтилганини хабар қилди.

Швециянинг IKEA компанияси номидан Тошкент вилоятида 52 милллион долларлик инвестицион лойиҳа бошлаш ташаббускори сифатида IKEA МЧЖ кўрсатилган.

Ўзбекистондаги компаниялар расмий реестрида Наманганда IKEA Premium, Қорақалпоғистонда IKEA MM ва Андижонда IKEA Andijon Group таъсис қилингани кўрилади. Айни пайтда¸ Швециядаги IKEA корпорациясига алоқаси йўқ бундай маҳаллий ширкатлардан бирортаси номи IKEA МЧЖ эмас. Бу ширкатнинг қачон очилгани¸ кимга қарашли экани ва унинг IKEA корпорацияси номидан гапириш ваколатини кимдан ва қаердан олгани ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG