Ссылки доступа

Тошкент бозорларида карантин талаблари кучайтирилмоқда


Ўзбекистон пойтахтидаги бозорлар ва савдо мажмуаларида шу йил 15 мартидан бошлаб амалдаги карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши юзасидан назорат кучайтирилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, мазкур иш Тошкент шаҳрига коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича штаб раҳбари, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида ўтказилган махсус йиғилишда берилган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, кечадан бошлаб Тошкентдаги барча бозор ва савдо мажмуалари кириш жойларида бозор маъмурияти, санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари томонидан ҳудудга кираётган аҳолининг тиббий ниқобда бўлиши назорат қилиб бориляпти, инфрақизил термометрлар (тепловизор) орқали ҳудудга кираётганларнинг иситмаси доимий ўлчаниб, қўллари антисептик воситалар билан дезинфекция қилиняпти.

“Бундан ташқари, масъул идоралар ходимлари билан биргаликда бозорлар ва савдо мажмуаларида дезинфекция ишлари амалга оширилиши йўлга қўйилди, сотувчилар тиббий ниқоблар ва қўлқопларда савдони амалга оширишлари ҳам назоратга олинди”, дейилган хабарномада.

Сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани ортидан карантин чоралари кучайтирилаётгани, Тошкентдаги учта туман мактаблари масофавий таълим шаклига қайтаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

XS
SM
MD
LG