Ссылки доступа

Ўзбекистондаги тўғонлар хавфсизлиги америкалик экспертлар томонидан ўрганилади


Ўтган йил майида “Сардоба” сув омборида содир бўлган техноген офат Ўзбекистонда бу борада профилактик чораларни кучайтириш муҳимлигини намойиш этган.

Гидротехника иншоотлари хавфсиз фаолиятини мониторинг қилиш бўйича кўп йиллик амалий тажрибага эга бўлган бир гуруҳ америкалик мутахассис 15-28 март кунлари Ўзбекистон давлат инспекцияси ва бошқа тузилмалар вакиллари билан биргаликда “Ҳисорак” ва “Тўпаланг” сув омборларининг ҳолатини ўрганади.

Қайд этилишича, хорижлик мутахассислар АҚШ армияси ҳарбий муҳандислар корпуси (United States Army Corps of Engineers, USACE) билан эришилган келишув доирасида Ўзбекистонга келишган.

Мутахассислар “Ҳисорак” ва “Тўпаланг” сув омборларининг бугунги ҳолати ва яхлитлигини ўрганади, уларнинг фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хавфларни таҳлил қилади. Ушбу жараёнда объектларнинг техник ҳужжатларини ўрганиш билан бир қаторда тўғонларни замонавий ускуналар билан бевосита текшириш ҳам режалаштирилган. Тадқиқот натижалари асосида эҳтимолий носозликлар моделларини ишлаб чиқиш, уларнинг юзага келиши мумкин оқибатларини таҳлил қилиш, шунингдек, тўғонларнинг техник мониторингини ўтказиш ва хавфсизлик даражасини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

USACE мутахассислари шу йил январь ойи охирида сув омборлари хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган ўзбекистонлик мутахассислар учун онлайн-тренинглар ўтказган.

Ўтган йил май ойида Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омборида содир бўлган техноген офат профилактика чоралари ва мутахассисларнинг касб маҳоратини ошириш муҳимлигини намойиш этган. Ўша фалокат оқибатида вилоятнинг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги минглаб аҳоли уйларини сув ювиб кетган, ҳодиса чоғида 6 киши ўлган, 1 киши бедарак йўқолган эди.​ Мазкур тошқин чоғида қўшни Қозоғистонда ҳам 276 квадрат километр майдонни сув босиб, Туркистон вилояти Пахтаорол туманидаги 14 та қишлоқдан жами 31 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилингани айтилган.

XS
SM
MD
LG