Ссылки доступа

Махсус комиссия Наврўз тадбирларини маҳаллаларда ташкил этишга оид кўрсатма берди


Республика махсус комиссияси коронавирус пандемиясини инобатга олган ҳолда мутассадди вазирлик ва идораларга аҳоли гавжумлигининг олдини олиш мақсадида Наврўз байрами тадбирларини кичик ҳажмда маҳаллаларда ташкил этиш чораларни кўриш ҳақида кўрсатма берди.

Бунга оид қарор комиссиянинг 16 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида қабул қилинган.

Йиғилишда сўнгги кунларда аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлиги таъкидлаб ўтилган. Шу важдан мутассадди ташкилотларга байрам тадбирларини об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда очиқ жойларда, яъни боғлар, хиёбонлар ва ўйингоҳларда ўтказиш, байрам тадбирларида аҳолини кўп тўпламаслик ва ташриф буюрувчилар ниқобда бўлишлари ҳамда ижтимоий масофани сақлашлари устидан назоратни ўрнатиш каби топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот органларига байрам тадбирларида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлик чоралари кўриш топширилган.

Айни пайтда жойлардаги байрам тадбирларини юқори бадиий савияда ўтказиш, бунинг учун эстрада хонандалари ва театр актёрларини жалб этиш каби вазифалар белгиланган.

Қарор билан Санитария-эпидемиология хизмати томонидан аҳоли ўртасида коронавирус билан касалланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш бўйича ПЗР лабораторияларнинг тўлиқ қувватларда фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини ихтиёрий эмлаш тадбирларини ташкил этиш борасида тегишли топшириқлар берилган.

XS
SM
MD
LG