Ссылки доступа

АҚШ Навалний заҳарланиши сабабли Россияга қарши янги санкциялар эълон қилди


АҚШ Савдо вазирлиги Британиянинг Солсберида Сергей ҳамда Юлия Скрипаллар ва мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланиши сабабли Россияга қарши янги экспорт чекловларини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида айтилган.

«Россия ҳукумати ўз чегараларида ва ташқарисида диссидентларга қарши ноқонуний асаб агентларини қўллаш орқали Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенция бўйича ўз мажбуриятларини бузмоқда, шунингдек ўз фуқаролари ва бошқа давлатларнинг фуқароларини ўлим хавфига дучор қилмоқда», дейилади баёнотда.

Санкциялар 18 мартдан кучга киради. Чекловлар Россияга миллий хавфсизлик билан боғлиқ товарлар, шунингдек ускуналар, технологиялар ва дастурий таъминот экспорти ҳамда реэкспортига таъсир қилади.

Март ойининг бошларида АҚШ Навалний иши бўйича Россия, Германия ва Швейцариянинг 14 ташкилотига қарши санкциялар киритди. Санкциялар рўйхатига Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг 27-илмий маркази, “Himmed”, “Femteko”, “Interlab”, “Labinvest”, “Analyt Products”, “Intertech Instruments”, “Rau Pharm” компаниялари киради. Бундан ташқари, Германиянинг учта ташкилоти — ChimConnect Gmbh, Pharmcontract ва Riol-Chemie, биттаси Швейцариядан ChimConnect AG компанисидир. Вашингтон ушбу ташкилотлар оммавий қирғин қуроллари ва кимёвий қуролларни яратиш ва тарқатишда иштирок этган бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

АҚШ Ғазначилиги бундан олдинроқ Россиянинг еттита амалдорига, жумладан, Федерал жазони ижро этиш хизмати раҳбари, Президент маъмурияти ички сиёсат бўлими бошлиғи Александр Калашников, Андрей Ярин, бош прокурор Игор Краснов, ФСБ директори Александр Бортниковм, президент маъмурияти Сергей Кириенко ва бошқарманинг биринчи ўринбосарига қарши санкцияларни жорий қилган эди. Шунингдек, ушбу санкциялар рўйхатига Мудофаа вазирлигининг 33-марказий тадқиқот институти, Мудофаа вазирлигининг 27-илмий маркази, Россия давлат органик кимё ва технология илмий-тадқиқот институти ҳам киритилган.

XS
SM
MD
LG