Ссылки доступа

“Сўх воқеаси” айбланувчиларига 10 йилу 2 ойгача қамоқ жазоси сўралди


16 март куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида ўтган йилнинг май ойида Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда айбланган 22 киши устидан суднинг ҳукмдан олдин сўнгги мажлиси бўлди.

Маҳкамада иштирок этган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Баҳодирхон Элибоевнинг айтишича, прокурор суддан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган 9 кишига 10 йилу 2 ой, уй қамоғида сақланаётган 13 кишига эса, 6 йилу 6 ой озодликдан маҳрум этиш жазоси сўраган.

Адвокат ва айбланувчилар уларга қўйилаётган айбловларни инкор қилган.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Баҳодирхон Элибоевнинг айтишича, айбланувчиларни қўлга олиш вақтидан то судгача бўлган ҳолатларида ҳам, уларни суд мажлисида сўроқ қилиш вақтида ҳам Ўзбекистон ЖПКнинг бир қанча моддалари бузилган:

“Дастлабки суриштирув-тергов жараёнида терговчи бўлган Абдуллаев Акмал айни дамда жабрланувчи бўлиб ҳам иштирок этиши бизнингча қонунга тўғри келмайди. Бу ерда ЖПКнинг 76-моддаси бузилган. Чунки жабрланувчи ва терговчи битта шахс бўлиши мумкин эмас”.

Элибоевнинг айтишича, тергов ва суд жараёнида вояга етмаган шахсларнинг ҳам ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган:

“Судланувчилар ичида 2 та вояга етмагани бор. Олий Суд Пленумининг вояга етмаганлар ишлари бўйича қарорида "гарчи у вояга етмаганлик вақтида жиноят қилиб суд ҳукм қилишда вояга етган бўлса, вояга етмаган даври ҳисобланиб жазо тайинланади" дейилган. Лекин прокурор балоғатга етган одамга бериладиган жазони сўради”.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячисига кўра, жабрланувчилар сафида рўйхатда турган Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев бирор марта ҳам судга келиб кўрсатма бермаган:

Суд мажлисида сўнгги сўз олган айбланувчиларнинг аксарияти, ҳуқуқ фаолига кўра, ўз айбига иқрор бўлмаган ва уларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини айтишган:

“Улар суд жараёни давомида уларга нисбатан қийноқлар, калтаклаш бўлганини айтиб келишган. Сўнгги сўзида эса улар, “қирғиз томон Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётганида биз уларга эътироз билдириб, уларни тўхтатдик. Улар бизга тош отишди, уйларимизни ёқишди ва биз уларга қаршилик қилдик. Агар шу нарса нотўғри бўлса, биз пушаймонмиз. Агар тўғри бўлса биз пушаймон эмасмиз”, дейишди.

Суднинг ҳукми қачон эълон қилиниши ҳозирча Озодликка маълум эмас.

"Сўх воқеалари" иши бўйича оммавий тартибсизлик келтириб чиқариш ҳамда ҳокимият вакилига фаол қаршилик кўрсатишда айбланиб, 22 нафар шахс жавобгарликка тортилганди.

Мазкур иш бўйича маҳкама Фарғона вилоят судида ўтган йилнинг 9 ноябрида очилган.

Жиноят иши материалларига кўра, 2020 йилнинг 31 май куни Фарғона вилоятининг Сўх тумани Чашма қишлоғида Қирғизистон фуқаролари билан сув масаласидаги можаро келиб чиққан.

Маҳаллий нашрга кўра, жиноят иши доирасида 9 шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 шахсга уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган.

XS
SM
MD
LG