Соғлиқни сақлаш вазирлигига (ССВ) кўра, COVAX дастури орқали COVID-19 га қарши бепул 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси 17 март куни Ҳиндистондан Тошкентга олиб келинган.
Бу вакцина Буюк Британияда чиқарилаётган Oxford-Astra Zeneca вакцинаси билан айни таркибда, аммо бошқа номда чиқаётган вакцинадир.
ССВ расмийлари, бу вакцина билан эмлаш қатор Ғарб давлатларида кутилмаган ён таъсир, асосан қонни қуюлтириб юбориши ҳақидаги хавотирлар билан вақтинча тўхтатиб қўйилгани Ўзбекистонда инобатга олинаётганини билдирди.
Бироқ эмлашга масъул қилинган қатор оилавий поликлиника (ОП) ва қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП) эмлаш ҳамширалари Astra Zeneca вакцинаси етказилиши билан эмлашни бошлаш ҳақида кўрсатма олганини билдирди.
СЭОЖСХнинг вакцина масалаларига масъул мулозими Дилором Турсунованинг айтишича, 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси Ҳиндистондан Ўзбекистонга бепул олиб келинган.
“Astra Zeneca вакцинаси билан таркиби бир хил, фақат бошқа номда Ҳиндистонда чиқарилаётган вакцина. Ҳозир энди уни бутун республика бўйлаб тарқатамиз. Ҳамма вилоятларда аҳолини эмлаш пунктлари, ҳамшираларимиз тайёр”, деди Турсунова.
Расмийга кўра, республика бўйлаб бу вакцинани ташиш ва аҳолини эмлаш учун инфратузилма - вакцина ташийдиган музлатгич машиналар, сақлайдиган музлатгичлар ва эмлаш пунктлари тайёрланган.