Ссылки доступа

Қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркиби кенгайтирилиши мумкин


Ўзбекистон парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб қилиш тавсия этилди.

Мазкур тавсия 15 март куни regulation.gov.uz сайтида эълон қилинган “Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳасида акс этган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳада жамоатчилик гуруҳларига экспертларни жалб қилишда, уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун етарли бўлган касбий малакаси, тажрибаси ҳамда гендер тенглиги ҳисобга олиниши айтилган.

Жамоатчилик гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга (гауптвахтада ҳибсда сақлаш қўлланилган, маъмурий қамоққа олинган, жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган ва қамоққа олинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазоларга ҳукм қилинган, мажбурий даволаш муассасалари) қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини (кейинги ўринларда – мониторинг ташрифлари) амалга ошириш;
  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларига тааллуқли маълумотларни йиғиш
  • қийноқ ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни қабул қилиш, уларни мониторинг ташрифлари бўйича ҳисоботга киритиш ва Омбудсманга тақдим қилиш;
  • қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни тезкор бартараф этиш бўйича тавсияларни тегишли муассасага (органга) тақдим қилиш;
  • қийноқ ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқиш ҳамда уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этиш бўйича тавсияларни тегишли муассасага (органга) тақдим қилиш;
  • қийноқдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича тегишли муассасага (органга) тақдимнома киритиш;
  • қийноқлар хавфини камайтириш ва олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор тажрибани жорий қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш.

Қарорда жамоатчилик гуруҳи аъзолари мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари билан шахсан ва холи учрашиши, жамоатчилик гуруҳлари қонунийлик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида мустақил фаолият олиб бориши, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари жамоатчилик гуруҳлари қонуний фаолиятини амалга оширишига кўмаклашиши, жамоатчилик гуруҳлари аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мониторинг ташрифлари ўтказиладиган муассаса зиммасига юклатилиши қайд этилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси шу йил 30 мартигача давом этади.

XS
SM
MD
LG