Ссылки доступа

COVID-19 ни тан олмаган Танзания президенти коронавирусдан вафот этди


Жон Магуфули

Танзания президенти Жон Магуфули 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти давлат телевидение орқали қилган чиқишида маълум қилди.

Давлат раҳбари март ойи бошидан бери омма кўзига кўринмай қолган, мухолифат унинг қўшни Кенияда COVID-19 дан даволанаётганини билдирганди.

Магуфули пандемия бошидан бери мамлакатда карантин жорий қилмаган ва ўз тарафдорларига дуо билан даволанишни тавсия қилганди. У коронавирусга қарши эмланишнинг устидан кулиб, ниқоб тақмай юрган, у бошқарган пайтда Танзания коронавирусга чалинганлар бўйича статистик маълумотларни эълон қилиб борган эмас.

Магуфули сўнгги бор 27 февраль куни оммага кўриниш берган. Ўтган ҳафтада мамлакат бош вазири президентнинг соғ-саломат экани ва кўп ишлаётганини билдирган. Ҳуқуқий муносабатлар вазири Мвигулу Нчемба эса Твиттердаги ўз саҳифаси орқали президент “ҳар куни сизнинг ёнингиздан чопиб ўтиши лозим бўлган югуриш бўйича мураббий эмас”, деб ёзган эди.

The Financial Times нашри хабарига кўра, аввалроқ Магуфули хасталикка чалинганига оид гап-сўзларни тарқатганлик иддаоси билан Танзанияда камида тўрт киши ҳибсга олинган.

Мамлакат мухолифати президент ўтган ҳафтадаёқ ўлган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Магуфули мамлакатнинг йирик шаҳри бўлмиш Доруссаломда юрак хасталигидан вафот этган.

XS
SM
MD
LG