Ссылки доступа

Сўхликлар иши: Икки киши 5 йилга қамалди, 20 кишига озодликни чеклаш жазоси берилди


18 март куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида ўтган йилнинг май ойида Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда айбланган 22 киши устидан суд ҳукми ўқилди.

Судни кузатган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодирхон Элибоевга кўра, судя судланувчилар Назиржон Жўраев ва Маҳсимжон Аҳмедовга 5 йиллик қамоқ жазоси берган.

Улар жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Судя ҳукмни ўқиб тугатганидан бироз ўтиб, Олий суд сайтида мазкур судга доир расмий баёнот эълон қилинди.

Баёнотга кўра, шу пайтгача қамоқда ушлаб турилган судланувчилар Р.Миршарипов, Ф.Аҳроров, Д.Маллаев, О.Оташев, Ш.Мирзожонов, Б.Шодиев, Ё.Жўраевлар 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Саккиз нафар судланувчи ўтган йилнинг 22 август куни қамоққа олинган, яна бир судланувчи (Ё.Жўраев) улардан бир ой кейин- 22 сентябрда ҳибсга олинган эди.

Ўтган йилнинг 10 сентябридан бери уй қамоғида сақланган Б.Фозилжонов, Ж.Бўронбоев, С.Парпиевга 5 йил озодликни чеклаш жазоси, Ш.Маҳмадалиев, З.Зайлобов, Х.Сафаржонов, Р.Ҳасанов, Х.Раҳмоналиев, С.Исматов, Д.Холматжонов, Ф.Жонузоқовга 4 йил озодликни чеклаш жазоси, Ш.Олимов, И.Собировга эса 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Озодликни чеклаш жазоси - суд томонидан маҳкумга нисбатан яшаш жойини у ёки бу сабаб билан тарк этишни бутунлай тақиқлашдан ёки сутканинг муайян вақтида яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлиб, фақат асосий жазо сифатида қўлланилади.

Суд ҳукмида Фарғона вилоят ИИБ фойдасига етказилган 9 996 341 сўм моддий зарар судланувчилардан ундирилиши ҳам кўрсатилган.

Ўтган йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманининг, Қирғизистон Боткен вилояти Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида жанжал чиқди.

Бунинг ортидан юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида, Ўзбекистон томонига кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Элтбоевга кўра, жабрланувчилар сафида рўйхатда турган Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев бирор марта ҳам судга келиб кўрсатма бермаган.

XS
SM
MD
LG