Ссылки доступа

Махсус комиссия 1 апрелдан айрим чекловларни ўрнатишга қарор қилди


Республика махсус комиссияси сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортгани муносабати билан Ўзбекистонда кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишини олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан қатор чеклов тадбирларини амалга оширишга қарор қилди.

Комиссия қарори билан кейинги ой бошида тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш зарурати қайд этилган.

Шунингдек, қарорда театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда ва томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчи томошабинлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда (маскада) бўлишларини таъминлаш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик, томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш, томоша дастурларига ташриф буюрувчиларнинг тана ҳарорати назоратини ўрнатиш ҳамда тана ҳарорати кўтарилган шахсларни дастурга кўймаслик; томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно), томоша дастурлари бўйича тарқатилаётган (сотилаётган) чипталарга “Факат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг” ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликга чақириш ва бошқа томошабинларга касаллик юқиб колишининг олдини олиш чораларини кўриш, томоша дастурлари ўтказиладиган саройларнинг кириш қисмида томошабинларнинг бинога тартибли киришларини таъминлаш мақсадида махсус ленталар ёрдамида бир қаторли кириш ва чиқиш йўлакларини ўрнатиш тартиби белгиланган.

Билдирилишича, томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулият ташкилотчилар зиммасига юклатилади.

XS
SM
MD
LG