Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукумати навбатдаги ер ислоҳотидан хавотирда


23 март куни Қозоғистон ҳукумати ерни ислоҳ қилиш бўйича янги йиғилган комиссия таркибини эълон қилди. Унинг таркибига ҳукумат амалдорлари, депутатлар, сиёсатчилар, тадбиркорлар, пойтахт, Олмаота ва вилоятларнинг ҳоким ўринбосарлари киради.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев январь ойининг охирида бўлиб ўтган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида «тавсияларни диққат билан муҳокама қилиш ва қатъий қарор қабул қилиш» учун ер комиссияси фаолиятини қайта бошлаш зарурлигини эълон қилди. Токаев ҳукуматга Ер кодексига ноябрь ойигача тузатишлар киритилишини таъминлаш бўйича кўрсатма берди.

Ўтган ҳафта Қишлоқ хўжалиги вице-вазири Рустем Қурманов 25 март куни бўлиб ўтган биринчи йиғилишида комиссия ер кадастрини яратиш ва Қозоғистон фуқаролигини олиш учун талабларни кучайтириш масаласини кўриб чиқиши мумкинлигини айтди.

2021 йил 31 декабрда мораторий Ер кодексининг бошқа қоидалари билан бир қаторда чет элликларга узоқ муддатли ижарага берилишини назарда тутадиган айрим қоидалари кучга кириши билан тугайди. Мораторий 2016 йилда бир нечта шаҳарларда ерга қарши норозилик авжига чиққан пайтда эълон қилинган эди. Ўша пайтдаги ер ислоҳоти бўйича комиссия ўз ишининг тугаганлигини эълон қилди. Комиссия ишидаги асосий нуқта мораторийни 2021 йил охиригача узайтириш тўғрисидаги таклиф эди.

2016 йилда оммавий норозилик намойишлари апрель ойида Атирау шаҳрида бошланиб, кейин бошқа шаҳарларга тарқалди. Дастлаб расмийлар намойишчиларни тинчлантиришга уринишган, аммо кейин уларни ҳибсга олишга киришдилар, шу жумладан тинч йиғилишлар тартибини бузганликда айблашдилар. Халқ норозилиги ўртасида мораторий эълон қилинди ва бир неча вазир истеъфога чиқди.

2016 йил 24 апрелда Атирауда бўлиб ўтган кенг миқёсдаги ер митингидан сўнг фуқаролик фаоллари Талгат Аян ва Макс Бокаев ҳибсга олинган. Бокаев ўша пайтдаги комиссия ишида қатнашишдан бош тортиб, бир қатор талабларни, жумладан, ер кодексининг ўзгаришига қарши бўлган фуқароларни таъқиб қилишни тўхтатиш талабини қўйди. Ўша йилнинг ноябрь ойида Бокаев ва Аян «нафрат қўзғаш», «қасддан ёлғон маълумот тарқатиш» ва «митинг тартибини бузиш» айбловлари билан беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар сиёсий айблов билан айбловларни рад этишди.

2018 йил апрель ойида Аянга нисбатан жиноий жазо чекловга қисқартирилди, кейинчалик 2019 йил июлда бекор қилинди. Ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан сиёсий маҳбус сифатида тан олинган Бокаев ўз айбини тан олишдан ва муддатидан олдин озод қилинишини сўрашдан бош тортди. У жазони тўлиқ ўтаган ва шу йилнинг февраль ойи бошида озод қилинган. Айни пайтда, у ҳали ҳам кўплаб чекловларга эга.

Иккала фаол ҳам ер ислоҳотлари бўйича комиссиянинг ҳозирги рўйхатида йўқ.

Қозоғистон парламенти ўтган ҳафта қишлоқ хўжалиги ерларини чет эл фуқаролари ва чет эл иштирокидаги компанияларга эгалик қилиш ёки ижарага беришни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

XS
SM
MD
LG