Ссылки доступа

Самарқандда Kun.uz мухбирига "ўлим таҳдиди". Журналистлар "зўравонлик муҳити"дан шикоят қилмоқда


 Kun.uz нашрининг таҳдидга учраган маҳаллий журналисти Анвар Мустафоқулов
Kun.uz нашрининг таҳдидга учраган маҳаллий журналисти Анвар Мустафоқулов

Самарқанд вилояти ИИБ, Kun.uz нашрининг таҳдидга учраган маҳаллий журналисти Анвар Мустафоқулов аризасига биноан терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Kun.uz нашрининг Самарқанддаги мухбири Анвар Мустафоқулов Россияга ишлагани кетмоқчи бўлган самарқандликларга авиачипталарни қиммат нархда сотаётган ширкатга борганида, таҳдид ва ҳақоратлар билан қувиб солинганини даъво қилиб ИИВга ариза билан мурожаат қилди.

Айни пайтда иш суриштирувда бўлгани боис, журналист ахборот воситаларига бирор маълумот беришдан тийилмоқда.

У ишлаб турган Kun.uz нашрида 19 март куни эълон қилинган мақолада айтилишича, таҳририят Россиядаги «Пик Индустрия», «Технострой» каби қурилиш ташкилотлари орқали Россияга ишлашга бораётган ўзбекистонликлар муаммолари бўйича суриштирув бошлаган.

Суриштирув жараёнида Самарқандда чиптани қиммат сотаётган «Панорама болалар уйи» МЧЖ идорасига борган маҳаллий мухбирга таҳдид қилинган.

Таҳририятнинг ёзишича, «Пик Индустрия» ва «Технострой» каби ташкилотларнинг шартнома асосида Ўзбекистондаги ишончли вакилига айланган «Панорама болалар уйи» МЧЖда, 2 ярим миллион сўмлик авиачипта муҳожирларга 4 ярим миллион сўмдан сотилган.

Буни суриштириб МЧЖ офисига борган мухбир “фирманинг масъул ходимлари бўлиши мумкинлиги эҳтимол тутилаётган шахсларнинг таҳдидига учраган”.

“Мухбирнинг айтишича, дастлаб ундан телефонни ўчириб туришни, вазият бўйича гаплашиб олишларини билдиришган, сўнгра турли ҳақоратли сўзлар билан ҳақоратлаб, ўлдириш билан таҳдид қилишган ва куч ишлатишга уринишлар бўлган. Kun.uz таҳририяти ўз хизмат вазифасини бажараётган журналистга таҳдид қилиб, унинг фаолият юритишига қаршилик қилиниши билан келишиб бўлинмаслигини таъкидлаган ҳолда Самарқанд вилояти ИИБдан ушбу ҳолатни ўрганиб, айбдор кимсаларга қонуний чора кўрилишини сўраб қолади”, деб ёзди нашр.

Юридик шахслар реестирида келтирилган маълумотга кўра, бу ширкат бир оилага қарашли, Устав фонди 559 миллион сўмга тенг бўлган хусусий сайёҳлик ширкатидир.

Терговга қадар суриштирувни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси олиб бормоқда. Бошқарма матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаевга кўра, бу борада томонлар кўрсатмалари олинган ва тез орада жамоатчиликка расмий баёнот берилади.

Kun.uz таҳририяти ҳам бу борада изоҳ бермади. Таҳририятга яқин манбага кўра, нашр мухбирига бўлган бу ҳужум Самарқанд шаҳрида юзага келган бугунги “зўравон муҳит” натижасидир.

“Самарқанд ўзи анча издан чиққан, зўравон кўп, катта пул айланадиган шаҳар”, дея қисқагина изоҳ берди, исмини ошкор қилмаётганимиз манба.

Самарқандлик маҳаллий журналистлардан бири ҳам айни фикрни таъкидлади. Айтишича, Kun.uz журналисти аризасига ўз даъвосини исботлайдиган бирор бир далил илова қила олмаган:

“Журналистдан телефонини ўчириб қўйишни сўрашганда, у уларга ишониб ўчирган. Ўшанда таҳдид қилиб, ҳақорат қилишган. Ҳозир унинг даъвосига ўз гапидан бошқа ҳеч қандай далил йўқ. Шунга ички ишлар иш очадими ёки нариги тараф туҳмат қилди, деб туриб оладими - номаълум”.

Шу кунда Самарқандда ишлаётган 32 яшар маҳаллий блогер Ўткир Чоршанбиев ҳам кейинги пайтларда маҳаллий ҳокимият органларининг журналист ва блогерларга муносабати ёмонлашаётгани ҳақида гапирди.

“Шахсан мен аҳолидан тушган шикоятларни ўрганиш жараёнида, Самарқанд ва Қашқадарё ҳокимликларида шундай қўпол, ноқонуний муносабатга учрадим. Президентимиз, яқинда ҳам журналист ва блогерлар билан учрашувда айтдилар: “Қўрқмай ёзинглар, орқангизда мен борман”, деб. Лекин, жойларда раҳбарлар бунинг тескарисини қиляпти. Шу боис, мен президентимиздан бу вазият бўйича назоратни ўз қўлларига олишини сўраган бўлардим”, - дейди Чоршанбиев.

Ўтган ҳафта Озодлик манбалари ва Gazeta.uz нашрининг бир-биридан мустақил уч манбаси, Daryo.uz нашри муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев ва журналист Қаҳрамон Аслановлар ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига чақиртирилганини хабар қилган.

Гарчи Daryo.uz бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев ушбу хабарни рад этган бўлсада, манбалар бунинг “профилактик суҳбат” бўлганини таъкидлаганлар. Суҳбатнинг аниқ сабаби ва мавзуи Озодликка маълум эмас. Унга чақирилгани айтилган журналистлар ҳам бу борада очиқ баёнот билан чиққани кузатилмади.

Аммо Қашқадарё ва Самарқанд вилоятидаги бир неча блогер ИИВ тузилмаларига суҳбатга чақирилгани ва улардан негатив маълумотни “хорижий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларга чиқармаслик” сўралганини айтмоқда. Бу блогерлар хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини очиқлмасликни сўраган.

Кейинги пайтларда мамлакат ичкарисида фаолият юритаётган журналист ва блогерларга нисбатан турли даражадаги ҳокимият идоралари ва ташкилотлар томонидан босим ўтказилаётганига оид хабарлар кўпаймоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Музработ туманида блогер Отабек Сатторийга нисбатан ўтказилаётган суд жараёнини ёритаётган бир қатор журналистларга, жумладан, Effect.uz мухбирларигабосим ўтказилди. Бу ҳақда 17 март куни Effect.uz ахборот агентлиги хабар берди.

Блогер Отабек Сатторийнинг ўзи эса, Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари ортидан қўлга олинган, айни пайтда бир йўла 8 та айблов билан судланмоқда.

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирган.

XS
SM
MD
LG