Ссылки доступа

Президент Мирзиёев номидан Facebook саҳифаси очган ва таъмагирлик қилган шахс қўлга олинди


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 24 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номидан Facebook ижтимоий тармоғида сохта профиль очган ва ёрдам бериш эвазига аҳолидан пул таъма қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Билдирилишича: “2021 йил 5 февраль куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳудудида тезкор-техник қидирув тадбирлари ўтказилиб, ушбу ноқонуний ҳаракатларни Чирчиқ шаҳар 3-кичик туманида вақтинча яшовчи 1982 й.т., М.М. содир этганлиги аниқланиб, телефон қурилмаси ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган” (Иқтибос ўзгартиришларсиз кўчирилди-муаллиф).

М.М., ўзини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари деб таништирган. У тармоқ фойдаланувчиларига турли масалаларда, айниқса, уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. Айни пайтда бунинг эвазига у фуқаролардан 50 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача бўлган маблағни талаб қилиб, банк пластик картасига туширган.

Ички ишлар вазирлиги нега 5 февралда қўлга олинган шахс ҳақида эндигина маълумот берилгани, у қанча фуқарони алдагани, қанча миқдордаги маблағларни ўзлаштириб олгани тўғрисида бирорта маълумотни тақдим этмаган.

“Фуқаро М.М. га нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади расмий хабарда.

XS
SM
MD
LG