Ссылки доступа

Урганчда “ярим-яланғоч ҳолда сумалак пиширган аёллар”дан уч нафари 15 суткага қамалди


“Урганч шаҳридаги бир гуруҳ хотин-қизлар томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳуқуқбузарлик ҳолати судда кўриб чиқилди ва жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди”,- деб хабар берди Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Билдирилишича: “Наврўз куни ярим-яланғоч ҳолда сумалак пиширган олти аёл маъмурий жавобгарликка тортилди. Улардан уч нафари 15 суткага қамалди”.

Уларга нисбатан мазкур ҳукмни 23 март куни Урганч шаҳар жиноят ишлари бўйича суди чиқарди. Суд ҳукмига асосан 15 суткага қамалган уч аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича айбдор деб топилган. Уларнинг ҳар бирига яна қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун суткасига БҲМнинг 15% миқдорида жами 551 200 сўм ундирилиши белгиланди.

Қолган уч аёл ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси бўйича айбдор деб топилган. Аммо уларнинг болалари борлиги инобатга олиниб, БҲМнинг 5 баравари, яъни 1 миллион 225 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

21 март куни ижтимоий тармоқларда саккиз нафар аёлнинг сумалакни ярим яланғоч ҳолда пишираётгани акс этган видео тарқалди.

Озодлик видеодаги ярим яланғоч аёлларнинг Урганчдаги “Сахара” клуби раққосалари эканини аниқлади.

22 март куни видеодаги аёлларнинг барчаси ИИБга сўроққа чақиртирилди. Уларнинг кечирим сўрагани акс этган видео ҳам тармоқларда пайдо бўлди.

XS
SM
MD
LG