Ссылки доступа

Ўзбекистон суғориш мавсумида сувсиз қолиши мумкин. Қирғизистон Тўқтўғулида сув хавфли даражада озайди


Қирғизистон Энергетика ва саноат вазири Кубаничбек Турдубаев 24 март куни парламентда қилган чиқишида “Тўқтўғул ГЭСидаги сув ҳажми хавфли даражага етгани” ҳақида билдирди.

“Хавф даражасидан чиқиш учун 1 миллиард кВт-соат электр қувватини хориждан сотиб олишимиз керак. Бу масалада Қозоғистон ва Ўзбекистон билан музокара олиб бордик. 1 мартдан то шу кунгача 120 миллион кВт-соат электр қувватини хориждан сотиб олдик. Бундан ташқари сувни иқтисод қилиш мақсадида Бишкек Иссиқлик электр марказида ишлаб чиқарилувчи электр қуввати ҳажмини кўпайтириш режалаштирилмоқда”,- деди вазир.

Тўқтўғул сув омборидаги сув кўлами 24 март куни 8 миллиард 788 миллион кубометрни ташкил қилди. 22 март ҳолатига кўра, сув ҳажми 8 миллиард 826 миллион кубометр эди.

Расман билдирилишича, бугунги кунда сув омборига секундига 100 кубометр сув кирмоқда ва 401 кубометр сув чиқиб кетмоқда.

Қирғизистондаги сув омборларидан йилига 22 миллиард кубометр сув Ўзбекистон билан Қозоғистонга кетади. Яъни сувнинг 80 фоиздан ортиғи суғориш мавсумида қўшниларга берилади.

Сўнгги марта бундай вазият 2008-2009 йиллар мобайнида кузатилган эди. Ўшанда Қирғизистон томони камсувлик даври бошлангани муносабати билан Ўзбекистонга сув беришни тўхтатиб қўйган.

Бунинг оқибатида Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида сув танқислиги кузатилган эди.

Масалан, ўша йиллари Хоразмда сув таъминоти 44 фоиз бўлгани ва кўплаб фермерлар зиён кўргани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган.

XS
SM
MD
LG