Ссылки доступа

Туркманистонда яна бир карантин зонаси қурилмоқда


Ашхабад, март, 2021 (иллюстративное фото) 
Ашхабад, март, 2021 (иллюстративное фото) 

Пандемия сабабли чет элда қолган мамлакат фуқаролари Туркманистонга қайтишда давом этмоқда. Айни пайтда мамлакат шарқида яна бир карантин зонасини қуриш бошланди.

Туркманобод шарқидаги карантин зоналари ҳаддан ташқари кўп, шу муносабат билан расмийлар мавжуд муассасаларни кенгайтириш ва COVID-19 касаллари учун янги биноларни қуриш бўйича чораларни кўрмоқдалар.

Туркманободдаги мухбирлар 24 март куни минтақада тўртинчи карантин зонаси қурилиши бошлангани ҳақида хабар беришди. Муассаса Чарджев этрапидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудида жойлашган бўлади. Айни пайтда бу ерда касалхона ҳудудида кўплаб ҳарбий услубдаги чодирлар тикилмоқда. Карантин зонаси апрель ойининг бошларида ишга туширилиши кутилмоқда.

Расмийлар март ойининг ўрталарида карантинларни кенгайтириш ва шароитларни яхшилаш бўйича қарорларини эълон қилишди. 15 март куни Лебап вилояти раҳбари ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Амударё бўйида, чет эл қурилиш компанияси фойдаланган баракларда жойлашган 500 кишилик энг катта карантин зонасига ташриф буюриб, шароитлар билан танишдилар.

Лебап вилоятининг соғлиқни сақлаш тизимидаги манбаларига кўра, умуман олганда, расмийлар минтақадаги карантин зоналарини 7 000 жойга кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Карантин зоналарида жойларнинг етишмаслиги Туркманистон фуқаролари ва мамлакатга келган чет элликларга ҳам таъсир қилади. Қонунга кўра, мамлакатга келганлар уч ҳафталик карантиндан ўтишлари шарт. Манбаларга кўра, зарур инфратузилма йўқлиги сабабли, расмийлар мамлакатга кирадиган одамларнинг сонини чекламоқда.

Айни пайтда, мамлакат коронавирусга қарши эмлашни давом эттирмоқда. 23 ва 24 март кунлари пойтахтдаги кўплаб поликлиникаларда кекса одамларга вакциналар берилган. Эмлаш учун Хитойнинг “Vero Cell” вакцинаси қўлланилади. Бунгача ушбу вакцина поликлиникаларнинг кичик ходимларига, ҳамширалар ва навбатчиларга, шунингдек, дорихоналар ишчиларига берилган.

Мамлакат расмийлари коронавирус борлигини инкор этишда давом этмоқда. Мамлакат давлат оммавий ахборот воситалари глобал коронавирус пандемияси, унинг мамлакатдаги вазиятга таъсири, ҳукумат томонидан COVID-19 тарқалишига қарши чекловлар ва чоралар, шу жумладан эмлашлар тўғрисида деярли хабар бермайди.

XS
SM
MD
LG