Ссылки доступа

Қарағанда яқинидаги конда содир бўлган ёнғин ишнинг тўхташига олиб келди


28 март куни Қарағандадаги «АрcэлорМиттал Темиртау» компаниясига тегишли Саранская конида ёнғин содир бўлди. Барча кончилар эвакуация қилинди, жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, кон ҳудудидаги технологик мажмуанинг иккита галереяси қулаб тушган. Кечқурун фавқулодда хизматлар ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлишди. Аммо конда иш тўхтатилди.

«Бахтсиз ҳодисани бартараф этиш режасига биноан конда ер ости ишлари тўхтатилди. Иккинчи сменада ишлайдиган ходимлар — 141 киши — ташқарига чиқарилди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Ёнғин майдонига яқин бўлган Саранская конида ишларнинг умумий ҳажмининг учдан бир қисми тўхтатилди», — дейилади АМТ матбуот хизмати компаниянинг расмий сайтида 28 март куни кечқурун.

Бу конда бу йилги биринчи фавқулодда ҳолат эмас. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 12 март куни Саранская конида ёнғин содир бўлган ва тутун туфайли 300 га яқин одам ташқарига чиқарилган. Шунингдек, бир неча кун олдин у ерда бир кончи вафот этгани ҳақида ҳам маълумот берилган эди.

Жорий йилнинг январь ойида компаниянинг Ленин номидаги яна бир конида бурғилаш ишлари пайтида фавқулодда ҳолат юз берди: икки киши миналар газидан заҳарланиб касалхонага ётқизилди, бошқаси — бурғилаш қурилмаси оператори — кон остида қолиб, кейинчалик ўлик ҳолда топилди. Ҳодиса юз берган пайтда конда 137 ишчи бўлган.

2017 йил декабрь ойида Саранская конининг кончилари, бошқа бир қанча сабаблар қатори, иш шароитларини яхшилашни талаб қиладиган АМТ компаниясининг бошқа конларидан ҳамкасбларининг иш ташлашига қўшилишди.

XS
SM
MD
LG