Ссылки доступа

HRW Белоруссиядаги журналистларга қарши қатағонлар тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди


Сўнгги беш ой ичида Белоруссия ҳукумати мустақил оммавий ахборот воситаларига қарши репрессияларни кучайтирди, сиёсий асосда айбловлар билан асоссиз ҳибсга олиш, жаримага тортиш ва ҳибсга олишга мурожаат қилди, дейилади Human Rights Watchнинг 29 мартдаги ҳисоботида.

Ҳисоботда келтирилган қоидабузарликлар, шу жумладан ҳибсга олинганларни калтаклашни, ташкилот Белоруссия ҳукуматининг август ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин бутун Белоруссияни қамраб олган инсон ҳуқуқлари бузилиши ва тинч норозилик намойишлари ҳақидаги оммавий ахборот воситаларининг овозини ўчиришга уринишларининг бир қисми деб атади.

Мухолифат тарафдорлари ўтган йилги овоз бериш натижалари Белоруссия Марказий сайлов комиссияси томонидан кетма-кет олтинчи муддатга қайта сайланган давлат раҳбари сифатида эълон қилинган Александр Лукашенко фойдасига сохталаштирилган деб ҳисоблашади. Намойишчилар адолат ва янги сайловларни талаб қилмоқда. Ғарб давлатлари Лукашенконинг ғалабасини тан олишмади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Белоруссияда норозилик намойишлари бошланганидан бери 30 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган, юзлаб одамлар калтакланган ва бир неча киши ўлган. Ҳозирда кўплаб мухолифат раҳбарлари панжара ортида ёки ҳукумат босими остида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқдалар.

«Белоруссия раҳбарияти хавфсизлик кучлари томонидан қилинган норозилик намойишларининг қаттиқ бостирилиши ва бошқа қонунбузарликлар учун адолатни ўрнатишда ёрдам бериш ўрнига, ушбу мавзуларни кўтарган журналистларни таъқиб қилмоқда», деди Human Rights Watch Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хю Уилямсон.

Сентябрдан мартга қадар Белоруссияда журналистларга нисбатан камида 18 та жиноий иш қўзғатилган, буни «афтидан уларнинг иши учун қасос», дея қайд этади Human Rights Watch. Айбланувчилардан уч нафари олти ойдан икки йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилди, яна етти киши суд ишларини кутмоқда. Хусусан, уларга жамоат тартибини бузиш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, полиция ишига аралашиш айблари қўйилмоқда.

Белоруссияда Журналистлар уюшмасининг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг августидан бери 400 га яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари маъмурий ҳуқуқбузарлик айблови билан ҳибсга олинган.

Ҳисоботда хорижий мухбирлар президентлик сайловларидан сўнг мамлакатдан чиқариб юбориш ҳолатлари ҳақида ҳам сўз боради. Октябрь ойида Белоруссия Ташқи ишлар вазирлиги аккредитация қилишнинг янги қоидаларини жорий этди ва уни олиш жараёнини сезиларли даражада мураккаблаштирди.

XS
SM
MD
LG