Ссылки доступа

ИИВ калтакланган блогерни “Бузғунчи ташқи кучлар” фойдасига ишлаётганликда айблади


Ички ишлар вазирлиги Жиноят Кодексидан "Бесоқолбозлик" моддасини олиб ташлаш кераклигини ёзган блогер Миразиз Бозоров қаттиқ калтакланишига ўзи сабабчи экани билдирилган видеомуносабатни эълон қилди.

Расмий муносабатда билдирилишича, Миразиз Бозоров ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳридаги „Ҳазрати Имом“ масжиди олдида ва Aмир Темур хиёбонида ноанъанавий жинсий қарашларга эга шахслар томонидан оммавий намойишлар ўтказиш бўйича чақириқ билан чиққан”.

Бундан ташқари ИИВ Бозоров бундан аввал ҳам жамиятда юриш-туриш қоидаларини "қасддан менсимаганлигини", ўзбек миллатига хос бўлмаган “хурмача қилиқ”ли видеоларни тарқатиб, “ўзининг бузуқ хулқ-атворини оммага намойиш қилиб келган”лигини иддао қилди.

“Натижада, 28 март куни унинг номақбул чақириқларини ўзларига нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган бир гуруҳ фуқароларимиз бу ҳолат юзасидан ўз фикр ва қарашларини билдириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Aмир Темур хиёбонига тўпланишди. Бунинг оқибатида мазкур шахслар томонидан оммавий тартибсизлик содир этилиб, жамоат хавфсизлигига путур етказилган. Ўз навбатида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан мазкур тартибсизлик кескин бартараф этилиб, ҳуқуқбузарлик келтириб чиқарган шахслар қўлга олинган”, — дейилади видеода.

ИИВ видеосида сўзларидан 28 март куни “гейларни калтаклагани” чиққани ортидан қўлга олингани англашиладиган ва юзлари яширинган шахслар ҳам гапириб: “Бу одамнинг гапларига эътибор берманглар. Бунақа фитналарга учиш керакмас экан. Мана биз алдандик, кўрдик кимлигини. Aқл билан иш қилиш керак экан”,-қабилидаги сўзларни гапирган.

Бундан ташқари ИИВ видеосида Бозоровга нисбатан расман : “Бузғунчи ташқи кучлар ва ғараз ниятдаги турли халқаро ноҳукумат ташкилотлар кўмаги ва қўллови остида ҳаракат қилаётган ушбу шахс бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган”, — деб билдирилган.

Аввалроқ Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида 28 март куни япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларини ЛГБТ фаоллари сифатида гумонлаб, уларни калтаклаганларга нисбатан “Безорилик” моддаси асосида жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилинган эди.

Айни пайтда 28 март куни Тошкент шаҳри марказидаги Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган блогер 29 яшар Миразиз Бозоров шу куни кечқурун бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди. У касалхонага ётқизилган.

XS
SM
MD
LG