Ссылки доступа

Самарқандда 5 киши ис газидан заҳарланди. Улардан 4 нафари ўлди


Самарқанд вилоят прокуратурасининг билдиришича, Самарқанд шаҳри “Мақсуд Шайхзода” МФЙ Лахутий кўчаси 31-уйда хонадонлардан бирида вақтинча яшаб турган 5 киши 28 март куни ис газидан заҳарлангани қайд этилди.

Заҳарланганлардан 4 нафари воқеа жойида вафот этган. Бир нафари эса касалхонага ётқизилган.

Айтилишича, улар 28 март куни соат, тахминан, 11:00 ларда хонадонда ўрнатилган иситиш печидан ис гази ажралиб чиқиши натижасида заҳарланган.

Ўзбекистонда иситиш мавсумида ис газидан ўлиш ҳолатлари жуда кўп учрайди. Жумладан, Тўрткўл туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида 6 март куни бир оиланинг 4 аъзоси ва ушбу хонадонга меҳмонга келган бир киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

22 февралда Ўзбекистон Бош прокуратураси 20 февраль куни Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Шовот маҳалласида жойлашган “Ортиқ ота” чойхонасида бир оиланинг беш аъзоси ис газидан заҳарлангани, оиланинг икки аъзоси воқеа жойида ўлгани ҳақида билдирган.

12 январь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қозоқовул қишлоғида бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан заҳарлангани ва оиланинг уч фарзанди заҳарланиш оқибатида вафот этгани хабар қилинганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.

XS
SM
MD
LG