Ссылки доступа

Камида 19 минг кишини алдаган “Avto 60 oy” раҳбари 8 йилга қамалди


Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 29 март куни “Avto 60 oy” МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодировни 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд Баҳодировни Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а”, “б” бандлари, 188-1-моддаси (қасддан банкротликка олиб келиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

25 ёшли Жамшид Баҳодиров билан биргаликда МЧЖга алоқадор яна 4 киши судланди. Судланувчи О. Мирзаев 7 йилга, Э. Қурбонов 6 йилга қамалди. М.Гулмирзаевага 4 йил 11 ой озодликни чеклаш жазоси қўлланилди. М.Ҳакимова эса Жиноят кодексининг 70-моддаси (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) га асосан жазодан озод қилинди.

“Avto 60 oy” МЧЖси раҳбариятига нисбатан 2019 йил 12 октябрь куни Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва/ёки бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган эди. Тергов 2020 йилнинг 2 июнь куни якунланган. Суд жараёни 5 август куни бошланган.

19 мингга яқин мижоздан 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғиб¸ фақат 100 нафар мижозгагина машина бергани ортидан жиноят иши фигуранти бўлган “Avto 60 oy” МЧЖси раҳбари Жамшид Баҳодировга нисбатан суд жараёни вилоятларда ўтказилган эди. Ўшанда иш юзасидан гувоҳларнинг кўплиги сабабли мана шундай қарорга келингани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG