Ссылки доступа

Жанубий Кореяда ўқитувчи аёлни сўккан ўзбек талаба жаримага тортилди. У ватанига бадарға қилинади


Жанубий Кореянинг Пусан шаҳар суди жорий йил 23 март куни Кёнсон (Kyunsung) миллий университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабани "ҳақорат қилганлик"да айбдор деб топиб, 4000 доллар жаримага маҳкум қилди.

Суд қарорига мувофиқ, Кёнсон университетига қарашли Туризм ва меҳмонхона юритиш институти бизнес факультетининг исми ошкор қилинмаётган талабаси Жанубий Кореядан бадарға қилинади.

Университетнинг Озодлик ихтиёрида бўлган ўзбек томони билан расмий ёзишмаси нусхасига кўра, ўзбекистонлик талаба ўзига паст баҳо қўйган аëл ўқитувчини “Калланга қ... соска” деган сўзлар билан “ҳақорат қилган".

Озодликда Кёнсон миллий университети таркибидаги Туризм ва меҳмонхона юритиш институти профессори Hak Sеon Kim тарафидан Тошкент давлат Тил ва адабиëт институтига жорий йилнинг 22 мартида юборилган мактуб нусхаси мавжуд. Мактубда ўзбек талаба билан боғлиқ ҳодиса қисман ҳикоя қилинган ва бу талаба ишлатган сўзга лингвистик изоҳ бериш сўралган.

Яқинда бизнес факультетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба билан боғлиқ муаммо юзага келди. Ўтган семестрнинг охирида паст баҳоларидан қониқмаган эркак талаба аёл профессорига уч сўзни электрон почта орқали юборди. Факультет қўмитаси айни дамда ушбу ҳолатни кўриб чиқмоқда.

Блогер Юлдуз Каримова ҳали суднинг ниҳоий ҳукми эълон қилинмасидан ушбу ҳодиса тафсилотлари ҳақида ўз Телеграм каналида ёзди. Унинг маълум қилишича, ўзбек филологларидан бу каби хулосани олиш "осон бўлмаган":

“Суднинг қароридан қатъи назар, талабанинг ҳайдалиши ва мамлакатдан депорт бўлиши аниқ, биз ҳозир қамалмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз. Тилимга боғла, тилимга дейишармиди?".

Озодлик бу хулосани ëзиб берган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Тил ва адабиëт институтидаги филологлардан бири билан боғланди. Ўз исми матбуотда ëритилмаслигини сўраган олим бу хулоса ҳамкасби тарафидан "ватандошини қамоқдан қутқариш мақсадида ëзиб берилганлиги"ни иддао қилди.

Шу билан бирга, филолог ўқитувчи “хорижда ўқиëтган талабалар сўзлашув ва ëзма тилда маданиятга риоя қилсинлар, деган насиҳатимни радионгиз орқали етказинг. Уларнинг оғзи шалоқлиги боис биз филологлар чет элдаги ҳамкасбларими олдида уялиб юолмайлик“, дея илтимос қилди.

Ҳуқуқшунос Умид Давлетовнинг айтишича¸ бу сўзни ëзма равишда бошқа кишига қарши ишлатган одам Ўзбекистонда ҳам жазоланади.

Ҳуқуқшуносга кўра¸ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шахснинг қадр-қимматини камситиш ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланган:

“Бу 41-модда. Яъни ҳақорат қилиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш деб малакаланади. Агар ҳақорат қилингани судда исботини топса¸ айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Жарима миқдорини суд ҳаками белгилайди “.

XS
SM
MD
LG