Ссылки доступа

Президентни Интернетда ҳақоратлаганлик ёки унга туҳмат қилганлик учун жавобгарлик белгиланди


Бундан буён Ўзбекистон президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, мазкур меъёр Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларда белгилаб қўйилди. Президент бу моддани амалга тадбиқ этувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни 30 март куни имзолаган.

Бундан ташқари Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG