Ссылки доступа

Қирғиз расмийси: Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган 13 минг гектар ер Қирғизистонга ўтди


Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев 30 март куни Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувда “Ўзбекистон билан баҳсли бўлиб турган 13 минг гектар ер Қирғизистонга ўтди”, деб айтди.

“Ўртатўқай сув омборининг 800 гектари Қирғизистон ҳудудида жойлашган. Лекин сувнинг 95 фоизини Ўзбекистон, 5 фоизини Қирғизистон ишлатади. Шунинг учун биз Ўзбекистон мана шу 800 гектар ерни компенсация қилиб, бошқа ҳудуддан ер берсин деган талабни қўйдик. Бунгача Ўзбекистон бизга 200 гектар ерни берган экан. Биз ернинг қолган қисмини ҳам компенсация қилинглар дедик. Бироқ Ўзбекистон у ҳолда Кўк Сергак, Баястан ва Ункур Тоо қишлоқларини кўчириб кетишимиз шартлигини билдирди. Бу қишлоқлар харита бўйича Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Шунинг учун сув омбори эвазига бериладиган ер ўрнига мана шу қишлоқларни Қирғизистон ҳудудига қўшиб олдик”,-деди Ташиев.

Унга кўра, Ўзбекистон билан баҳсли бўлган ҳудуднинг юз гектари Қорасув туманига, 1000 гектари Ўзган ва Сузоқ туманига қўшилади.

26 мартда Озодлик радиоси қирғиз хизмати (Азаттиқ радиоси) саволига жавобан Қамчибек Ташиев Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги чегара масаласи 100% ҳал бўлгани ҳақида билдирган эди.

Ташиевнинг айтишича, икки давлат ўтрасидаги давлат чегарасини делимитация ва демаркациялаш комиссиясининг Тошкентда бўлиб ўтган мажлисида тегишли баённома имзоланган. МХДҚ раисига кўра, икки давлат ўртасида баҳсли чегара ҳудуди қолмаган.

Ўзбек томони ҳозирча чегара музокаралари якунига доир расмий баёнот эълон қилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG