Ссылки доступа

Тошкентда калтакланган блогер Бозоров ва унинг онасининг хонадонлари тинтув қилинди


30 март куни Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўтган ҳафта калтакланган блогер Миразиз Бозоров яшаган квартирада тинтув ўтказдилар, деб ёзди "Фарғона" манбасига асосланиб.

Квартира эгаси тезкор ходимларга эшикни очди, улар охир-оқибат Бозоровнинг ҳужжатлари ва компьютерини олиб кетишди. Бироқ, улар протокол тузишмади.

Эртаси куни онасининг хонадонида тинтув ўтказилди. Ички ишлар вазирлиги ходимлари блогернинг видеокамерасини, фотокамераларини ва эски телефонларини ҳамда онасининг ишлаётган компьютерини олиб кетишди. Бу сафар протокол тузилди.

Миразиз Бозоровни калтаклаш фактлари бўйича Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми («қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») билан жиноят иши қўзғатилди. Бир кун олдин нашрнинг манбалари блогернинг дўстларини туман ИИБда гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун чақиришганини, аммо улардан "фақат ЛГБТ тўғрисида" сўрашганини хабар қилишди.

Миразиз Бозоров 28 март оқшомида ўзининг уйи олдида юзига ниқоб таққан номаълум шахслар томонидан бейсбол тўқмоғи билан калтакланган. Оғир тан жароҳатлари олган блогер касалхонага ётқизилган.

Унда бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Бозоров Тошкент шаҳри марказидаги Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган.

Миразиз Бозоров Телеграмда “Канал Базарова” деган саҳифани юритади. У ўз постларида бир неча бор Ўзбекистон Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариб ташлаш керак деган фикрни билдирган.

У, шцнингдек, ўз каналида президент Мирзиёевни мунтазам танқид қилиб келган, коррупция кучайиб кетгани ҳақида ёзган, Мирзиёев ўтказаётган иқтисодий ислоҳотларни ва юритаётган сиёсатни “катта йўқотиш” деб атаган, ҳукуматни карантин пайтида “халқ пулини ўғирлаганликда” айблаган. Одамларни сайловларни “бойкот қилишга” чақирган.

Ўтган йилнинг ёзида блогер Миразиз Бозоров Фейсбукда эълон қилган постларида Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермасликни сўраган.

XS
SM
MD
LG