Ссылки доступа

Россия журналисти Владимир Познер Грузияни тарк этишга мажбур бўлди


Россиялик таниқли журналист Владимир Познер Тбилисида унга қарши норозилик намойишлари ортидан Грузияни тарк этишга мажбур бўлди.

Грузия “Биринчи канал”ининг билдиришича, Владимир Познер 31 март куни Тбилисига келган ва бу ерда 3 апрелгача қолишни режалаштирган эди. Аммо норозилик ортидан у 1 апрель куни мамлакатни тарк этди.

Тбилиси марказида чоршанба куни кечқурун мамлакатга россиялик телебошловчи Владимир Познернинг келишига қарши стихияли норозилик намойиши бошланиб кетган эди.

Интерфакснинг хабар беришича, норозилар ва полиция ўртасида тўқнашув юз берган. Норозилар Владимир Познер жойлашган меҳмонхонани электр қувватидан узиб қўйишга муваффақ бўлган. Полиция меҳмонхонага бостириб киришга ҳаракат қилаётган норозиларни тарқатишга ҳаракат қилмоқда.

Норозилар Познерни Грузиядан бадарға қилишни талаб этган. Норозилар Познер ўз кўрсатувларидан бирида “Абхазия Грузиянинг бир қисми бўлмаган ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам”, деган сўзларни айтгани учун мамлакатга киришга ҳаққи йўқ, деб ҳисобламоқда.

Познер эса Тбилиси аэропортида журналистларга: “Мен бу ерга сиёсат ҳақида гапириш учун эмас, туғилган кунимни нишонлашга келдим”, деб билдирган.

Россия 2008 йилда Грузия билан беш кунлик урушдан сўнг Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган эди. Халқаро ҳамжамият Абхазия ва Жанубий Осетияни Грузия ҳудуди деб билади. Грузия эса бу икки ҳудудни Россия босиб олган минтақа деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG