Ссылки доступа

Ўзбекистонда кредитга қорамол олганлар қарзга ботмоқда


Ўзбекистонда “темир дафтар”га киритилган кам таъминланган оилаларга шу кунларда имтиёзли кредит ҳисобидан сигир, қўй, эчки, қуён ва товуқ берилмоқда.

Ҳукумат ижтимоий ҳимоя сифатида тақдим этаётган ушбу дастур бўйича чорва баъзи вилоятларда бозор нархидан икки баробар юқори нархда расмийлаштирилмоқда. Оқибатда камбағал оилалар қарз ботқоғига ботаётгани айтилади.

Наманган вилоятининг Чуст туманида яшовчи 23 ёшли Абдуллажон Мамадалиев ҳар бири бозор нархида 7 миллион сўм турадиган иккита қорамол учун “Агробанк” туман бўлимида 31 миллион 600 минг сўм миқдорида кредит расмийлаштирилганини айтади.

“...“Темир дафтар”да бўлганимиз учун бизга шу иккита қорамолни беришди, 31 миллион 600 минг сўм яна қўшимча 14 фоиз қўшимчаси билан қарзга ботдик. Бизнинг аҳволимизда мол бераман, деса хоҳлаган шартга кўнаркансиз”, - дейди Мамадалиев.

Айни туманда яшовчи 22 ёшли Салимжон Соибжонов ҳам “Агробанк” кредити ҳисобига 10та қўйни бозор нархидан икки баробар юқори нархда олишга мажбур бўлганини айтади.

“Икки кун бўлди олганимга. Ҳар бир қўйни донасини 2 миллион 800 мингдан ҳисоблашди. Бозорда унақа қўйни 1 миллионга ҳам олмаяпти. Банкга борганда имзо қўй, деди, қўйдим. Келиб ҳисоблаб чиқсам 28 миллион уч йилда 14 фоизлик ҳар йиллик устамаси билан 40 миллионга тушар экан менга. Менга қолаётгани 10та арриқ қўй?, - дейди Соибжонов.

Сўнгги бир ой ичида Наманганнинг Чуст туманида “темир дафтар”га киритилган ўнлаб оилаларга кредитга чорва ҳайвонлари берилган.

Чуст тумани ҳокимлигининг расмийларидан бири бундан мақсад кам таъминланган аҳолини пандемия даврида ижтимоий қўллаб-қувватлаш эканини таъкидлайди.

“Президентимизнинг 6038-сонли фармони чиққан, шу бўйича “темир дафтар”га кирган оилаларга имтиёзли кредитлар асосида мол, қўй бериляпти. Хоҳласа олади, хоҳламаса олмайди. Қанча нархда берилаётганини билмайман, бу маълумотни банклардан оласиз, одамлар хоҳлаяптики олишяпти”, - дейди ҳокимлик расмийси.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6038-сон Фармонига мувофиқ кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож одамларга ёрдам кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон президенти тўрт йил аввал ҳам кам таъминланган оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўлида чорва, паррандачилик билан шуғулланишни тавсия этган эди.

Шундан сўнг қатор вилоятларда кредит эвазига оилаларга товуқ, жўжалар тарқатилди.

Аммо Мирзиёевнинг товуқбоқарлик ташаббуси одамларни қашшоқликдан қутқара олмади. Чорвадорлар катта қарзга ботганликларини айтишган.

Мирзиёевнинг товуқдан келадиган даромад ҳақидаги гапларидан руҳланиб юзта товуқ боқишга қизиқиб кўрган андижонлик исми очиқланишини истамаган фермернинг айтишича, одамларга берилаётган товуқларнинг аксарияти ё касалманд, ё тухумдан қолган. Аҳоли эса даромад топаман, деб камомадга кириб қолганини айтади.

Бошқа хўжаликларда ҳам кредитга берилган товуқлар ўла бошлагач банклар 2017 йил охирига келиб товуқчилик учун кредит беришни бир муддат тўхтатиб қўйганди.

Аҳолининг кредитлардан қарздорлиги борасида аниқ рақамлар йўқ, аммо мутахассисларга кўра, аҳолининг тўлов қурби пастлиги боис имтиёзли кредитлар тижорий банклар учун жиддий муаммога айланган. Жойларда кредитларни қайтариш учун банк ходимлари билан бирга бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам сафарбар этилгани ҳақида хабарлар олинган.

XS
SM
MD
LG