Ссылки доступа

Мактабларга ёзувчи ва журналистлар “десанти” ташланди - улар ахборот хуружига қарши курашади


Ўзбекистондаги ўрта мактаблар ва олий ўқув юртларида 1 апрелдан бошлаб “Маънавият тарғиботчиси” лавозими жорий этилди.

Янги лавозимга ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари аъзолари қабул қилинмоқда.

Мамлакат президентининг 26 мартдаги қарорига биноан, маънавият тарғиботчилари олий маълумотли ўқитувчи учун белгиланган маошнинг ярми миқдорида иш ҳақи олади.

Мактаб раҳбарлари ёзувчи ёки журналистнинг мактабда нима билан шуғулланишини ҳозирча аниқ тасаввур қила олмаётганликларини айтмоқда.

Президент қарорига кўра, ёш авлодда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш тарғиботчилар олдига қўйилган вазифалардан биридир.

Журналистлар уюшмаси раҳбарларидан бирининг (исми айтилмаслик шарти билан гапирди) айтишича, маънавият тарғиботчиси лавозимига ёзувчилар ва журналистлар уюшмалари аъзолари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари жалб қилинмоқда.

Маънавият сўзи Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг истеъмолга кирган сўздир. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг 1981 йилги биринчи нашрида бу сўз йўқ.“Маънавий”, “маънан” сўзлари бор.

2008 йили Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китоби чиққач, маънавият сўзи мамлакат бўйлаб кенг истеъмолга киритилди.

Президент Мирзиёевнинг 26 мартдаги қарори билан 2013 йилгача барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ташкил этиладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG