Ссылки доступа

ИИВ хорижий журналист Агнешка Пикулицкани ёлғон маълумот тарқатишда айблади


ИИВ ахборот хизмати 1 апрель куни журналист Агнешка Пикулицкани номаълум шахслар томонидан дўппосланган блогер Миразиз Бозоров атрофида содир бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг Twitter саҳифасида «аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда» дея айблаган баёнотини эълон қилди.

«Биз эътиборни 2021 йилнинг февраль ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтиб Ўзбекистонда фаолият юритаётган „Аль Жазира“ халқаро ОАВсининг мухбири Агнешка Пикулицка (Agnieszka Pikulicka)га қаратмоқчимиз. Журналист, жорий йилнинг 29 мартдан бошлаб Миразиз Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда», — дейилади ИИВ баёнотида.

ИИВ журналистнинг бир нечта твитлари таржимасини келтиради.

«Ниқобланган ҳолдаги шахсий адовати ёки ҳиссиётини баён этаётган мазкур журналист, маълумотларни гўёки Ўзбекистонда рўй бераётган „салбий ахборот“ сифатида бир қатор хорижий интернет нашрларига тарқатган», — дейилади ИИВ баёнотида.

«Ушбу маълумотлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди ҳамда мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилганлигининг яққол мисоли», — дея таъкидлайди ИИВ матбуот хизмати.

28 март куни Тошкент шаҳри марказидаги Амир Темур хиёбонида япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлисларининг навбатдаги тадбирини ўтказмоқчи бўлган блогер 29 яшар Миразиз Бозоров шу куни кечқурун бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилди. У касалхонага ётқизилган.

Миразиз Бозоров Телеграмда “Канал Базарова” деган саҳифани юритади. У ўз постларида бир неча бор Ўзбекистон Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариб ташлаш керак деган фикрни билдирган.

У, шунингдек, ўз каналида президент Мирзиёевни мунтазам танқид қилиб келган, коррупция кучайиб кетгани ҳақида ёзган, Мирзиёев ўтказаётган иқтисодий ислоҳотларни ва юритаётган сиёсатни “катта йўқотиш” деб атаган, ҳукуматни карантин пайтида “халқ пулини ўғирлаганликда” айблаган. Одамларни сайловларни “бойкот қилишга” чақирган.

Ўтган йилнинг ёзида блогер Миразиз Бозоров Фейсбукда эълон қилган постларида Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки раҳбариятига Ўзбекистонга ажратилаётган кредитларни, улардан фойдаланиш устидан назоратни таъминламай туриб, бермасликни сўраган.

30 март куни Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўтган ҳафта калтакланган блогер Миразиз Бозоров яшаган квартирада тинтув ўтказди. Эртаси куни онасининг хонадонида ҳам тинтув ўтказилди. Ички ишлар вазирлиги ходимлари блогернинг видеокамерасини, фотокамераларини ва эски телефонларини ҳамда онасининг ишлаётган компьютерини олиб кетишди. Аввалроқ блогернинг дўстларини туман ИИБда гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун чақиришган, аммо улардан "фақат ЛГБТ тўғрисида" сўрашганини хабар қилишди.

Агнешка Пикулицка шунингдек ўзининг Twitter саҳифасида ички ишлар ходимлари фаоллар ва блогернинг дўстларига ЛБГТчилар ҳақида кўпроқ маълумот беришлари учун қаттиқ босим ўтказилаётганини маълум қилди.

«Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларни расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти. Одамларга ЛБГТ жамоаси хақида маълумот тарқатишлик ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу янги Ўзбекистон», — деб ёзган у ИИВ томонидан келтирилган яна бир твитда.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни полшалик журналист Агнешка Пикулицка Рустам исмли ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганини, шунингдек, анчадан буён ТИВда аккредитация ололмаётганини маълум қилганди. ТИВ бунга муносабат билдириб, полшалик журналистдан узр сўради ва унга тегажоғлик қилган ходимини ишдан бўшатганини маълум қилди, 3 февраль куни эса унга аккредитация берди.

XS
SM
MD
LG