Ссылки доступа

Ўшдаги Марказий Осиёнинг энг кекса Ўзбек Академик театрини Ўзбекистон таъмирлаб беради


Ўшдаги Ўзбек Академик театри биноси.

Ўшдаги Бобур номидаги Ўзбек Академик мусиқали драма ва комедия театри Ўзбекистон ҳисобидан капитал таъмирдан чиқарилади.

Театр директори Аъзам Абдураззоқовнинг Озодлик радиосига билдиришича, бу ҳақда бир неча кун олдин театрга ташриф қилган Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Кайрат Иманалиев театр жамоаси билан учрашуви чоғида маълум қилган.

Аъзам Абдураззоқовнинг айтишича, вазир Ўзбекистон ҳукумати театрни капитал таъмирлаш учун 37, 5 миллион қирғиз сўми – таҳминан 440 минг доллар ажратгани ҳақида гапирган.

“Вазир бу масала Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг 11-12 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган учрашуви чоғида муҳокама қилинганини ҳам билдирди. Бобур театрининг янги биноси 1979 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Ўшандан бери бино капитал таъмир қилинган эмас”,-деди Аъзам Абдураззоқов.

Унга кўра, жорий йилда Ўшда ўтказиладиган анъанавий "Арт Ордо" халқаро театр фестивали Бобур театрининг 103 йиллик юбилейига бағишланади.

Бобур номидаги Ўзбек Академик мусиқали драма ва комедия театри 1914 йилда Ўшдаги Рус-тузем мактаби қошида жадидчилар Раҳмонберди Мадазимов ва Болтихожи Султонов раҳбарлигидаги тўгарак сифатида иш бошлаган. 1918 йилда мазкур тўгарак Туркистон Реввоенсовети қошидаги театр труппасига айлантирилган.

Ўшдаги Бобур номидаги Ўзбек Академик мусиқали драма ва комедия театри Тошкентда 1913 йилда асос солинган ҳозирги Миллий Академик театрдан кейин Марказий Осиёдаги энг кекса театр ҳисобланади.

Мазкур театр артистлари Абдулла Тароқ ва Розияхон Мўминова Қирғизистон ССРнинг энг биринчи халқ артисти ва хизмат кўрсатган артист унвонларига сазовор бўлган.

XS
SM
MD
LG